Тасвирий санъат йўналишида Хитой билан ҳамкорлик ривожланмоқда
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Хитойнинг Хубей тасвирий санъат академияси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар тизимида тасвирий санъат соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари маданий алмашинувларни, хусусан, миллий рангтасвир ва креатив индустрияни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқди. Пекин ва Тошкент ўртасида мунтазам ўтказилаётган йирик кўргазмалар, тажриба алмашинув дастурлари ва рақамли маданий лойиҳалар икки халқнинг санъат орқали бир-бирини янада чуқурроқ англашига хизмат қилмоқда.

Ташриф давомида меҳмонларга институт кўргазмалар зали ва унда намойиш этилаётган ижодий ишлар намойиши билан таништирилди.
Шунингдек, Тасвирий санъат факультетининг рангтасвир ва ҳайкалтарошлик устахоналари, миниатюра ва китоб графикаси, мультипликация ҳамда театр безаги йўналишларидаги ўқув жараёни ва талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ташриф доирасида институтимиз раҳбарияти ва меҳмонлар ўртасида учрашув ташкил этилиб, унда келгусида қўшма кўргазмалар, илмий конференциялар ва халқаро тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. Мазкур ташриф институтимиз халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, хорижий санъат ва дизайн олий таълим муассасалари билан академик ҳамда ижодий ҳамкорликни кенгайтириш, икки олий таълим муассасаси ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этди.
Гулноза Бобоева,ЎзА