Ташриф - тараққиёт сари етакламоқда
Жиззах вилоятида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, йирик саноат лойиҳаларини жадал амалга ошириш ҳамда экспортбоп ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича бошланган тизимли ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнларда давлат идоралари ва инвесторлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик, айниқса, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 22-июлида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Зомин технопарки махсус саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишар экан, инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини тезроқ ишга тушириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш ҳамда саноат тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берган эди. Бугун мазкур топшириқлар ижроси доирасида ҳудудда амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Шу мақсадда Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ортиқов Зомин туманида барпо этилаётган “Зомин технопарки” махсус саноат зонасида бўлиб, амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқариш корхоналари учун яратилаётган инфратузилма ва тадбиркорларга кўрсатилаётган амалий кўмак билан танишди.
Бугунги кунда 400 гектар майдонни эгаллаган мазкур саноат ҳудуди вилоятнинг энг йирик инвестиция нуқталаридан бирига айланиб бормоқда. Бу ерда электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, кимё, фармацевтика, трансформаторлар, қишлоқ хўжалиги техникалари, лифт ҳамда мебель ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 30 дан зиёд инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш режалаштирилган.
Лойиҳаларнинг амалий босқичлари билан танишиш асносида тадбиркорлар ва Хитой инвесторлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ишлаб чиқариш корхоналарини замонавий технологик ускуналар билан таъминлаш, импорт қилинаётган жиҳозлар ва хомашёнинг божхона расмийлаштирувини тезкор ташкил этиш, амалдаги имтиёзлардан самарали фойдаланиш, юкларни қисқа муддатларда расмийлаштириш ҳамда экспорт-импорт операцияларини янада соддалаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосарлари Бекзод Эгамов ҳамда Баҳром Юсупов, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ортиқов, тегишли идоралар масъуллари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар иштирок этишди. Суҳбат давомида махсус саноат зонасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг бугунги ҳолати, ишлаб чиқариш қувватларини белгиланган муддатларда ишга тушириш билан боғлиқ вазифалар ва мавжуд масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Алоҳида таъкидланганидек, инвестиция муҳитининг жозибадорлиги нафақат солиқ ва ҳуқуқий имтиёзлар, балки маъмурий тартиб-таомилларнинг соддалиги, юкларнинг тезкор расмийлаштирилиши ва ташқи савдо жараёнларининг самарадорлиги билан ҳам белгиланади. Шу боис божхона органлари томонидан инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг вақт ва ортиқча сарфлаган харажатларини қисқартириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай механизмларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мулоқот чоғида Фарҳод Ортиқов инвесторлар ва тадбиркорларнинг божхона соҳасига оид мурожаатларини тинглаб, ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалаларни қонунчилик доирасида тезкор ҳал этиш, амалдаги имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланиш тартиблари бўйича зарур тушунтиришлар берди.
Шунингдек, яқин истиқболда технопаркда ишлаб чиқариш ҳажми ва ташқи савдо айланмаси кескин ортиши инобатга олиниб, божхона-логистика инфратузилмасини янада такомиллаштириш, юк оқимларини самарали бошқариш ҳамда экспортёр корхоналар учун қўшимча хизматлар жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бу эса саноат зонасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни ташқи бозорларга янада тез ва рақобатбардош етказиб бериш имкониятини кенгайтиради.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, технопаркда режалаштирилган барча лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади, йилига 4,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 70 миллион АҚШ долларилик тайёр маҳсулотни экспорт қилиш имконияти шаклланади.
Тадбир якунида инвесторлар фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатларда ишга тушириш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар топширилди.

Зомин технопаркида кечаётган бу жараёнлар Президент томонидан белгиланган вазифаларнинг амалдаги ижроси, энг муҳими, давлат идоралари, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар ўртасида ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик муҳити мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир амалий ифодаси бўлмоқда. Бундай ёндашув эса Жиззах вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, саноат салоҳиятини юксалтириш ва экспорт географиясини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири