Ташқи қарз: Тараққиётга йўналтирилган сармоя
Хабарингиз бор, “Халқ сўзи” газетасининг шу йил 18 март сонида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Бугун қарсаклар замони эмас!” сарлавҳали мақоласи чоп этилган эди.
Таъкидлаш жоизки, мақола юртдошларимиз орасида жуда катта акс садо берди. Буни турли соҳа мутасаддилари, экспертлар, зиёлилар, тадбиркорлар, аграр тармоқ вакиллари, оддий одамлар, қўйингки, мамлакатимиздаги тарихий янгиланишлар жараёнига бефарқ бўлмаган кенг аҳоли қатлами томонидан бевосита таҳририятга йўлланаётган, электрон почта манзилимиз орқали келиб тушаётган муносабатлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда қолдирилаётган изоҳлардан ҳам билиш мумкин. Ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Хўш, мақола нима учун бунчалик катта қизиқиш уйғотди? Сабаби унда давлат ташқи қарзига оид долзарб мавзу чуқур ва қиёсий таҳлиллар, ҳаётий мисоллар билан аниқ, содда ва тушунарли тарзда очиб берилганки, иқтисодиётдан у қадар хабари йўқ киши ҳам мақолани ўқиб, кўтарилган масала моҳиятини англаб етади, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Албатта, бугунги давр инсоният учун осон кечаётгани йўқ. Коронавирус пандемиясининг оғир асоратлари, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият, ҳар куни юзага келаётган янгидан-янги синовлар тезкор чоралар кўриш заруратини кун тартибига кўндаланг қилиб қўймоқда. Мана шундай долғали замонда ҳам мамлакатимиз раҳбарияти инсон манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириб, ички бозордаги мўътадилликни таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, халқимизни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган сиёсатига қатъий амал қилаётгани таҳсинга сазовор. Бунга, шубҳасиз, пухта асоссиз эришиб бўлмайди ва ана шу асос янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилган илк кунларданоқ қўйила бошланганди. Мақола айни жиҳатдан эътиборга молик бўлиб, унда ташқи қарз олишнинг моҳияти ва омиллари тушунтириб берилган.
Келинг, энди юқорида айтиб ўтганимиз — муносабатлардан айримларини эътиборингизга ҳавола қилсак.
Ўзбекистоннинг тўлов қобилиятига ишонч тасдиғи
Ҳозир ўзга юртда бўлсам-да, жонажон Ватанимиз тақдири билан боғлиқ деярли барча жараёнларни кузатаман, бефарқ қарай олмайман. Чунки шу ерда туғилдим, тарбия олдим, ўқиб-ўрганиб шаклландим, сўнг учирма бўлдим. Бошқача айтганда, томирларим Ўзбекистондан “сув ичади”.
Мақолада кўтарилган масала долзарб — ташқи қарз нима учун олинади? Савол оддий. Жавоби ҳам жўн: мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун, халқ фаровонлигига эришиш учун.
Узоққа бормайлик, кейинги уч-тўрт йилда олимлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа соҳа вакилларининг маоши неча бор оширилди? Ишлаб чиқариш, илмий салоҳият, қишлоқ хўжалигига эътибор қай даражада кучайди? Қурилиш индустриясидаги ўсиш тезлигини тасаввурингизга келтириб кўринг. Буларнинг барчаси ниманинг ҳисобидан? Албатта, молиявий қўллаб-қувватлаш “оқсаб” қолмаётганидан. Шу боис ҳам ташқи қарзга мурожаатни тўғри тушуниш лозим.
Шу каби зиёлиларнинг муносабатларида кўп мисоллар келтирилмоқда, балки ёд бўлиб ҳам кетгандир, АҚШ, Япония, Россия, Франция, Хитой, Туркия сингари ривожланган давлатларнинг ташқи қарзлари қанчалиги. Бугунги кунда Австралиянинг Монаш университети Малайзия кампусида фаолият юритаётганим боис бу давлат тарихини ўрганганман. Малайзия ҳам бир замонлар, аниқроғи, ўтган асрнинг 70 — 80-йилларида фақат хом ашё етказиб берувчи камбағал мамлакат бўлган. Вақти келиб дунё ҳамжамиятида ўз ўрни, овози, мавқеи бўлади, деган гап-сўзларга малайзияликларнинг ўзлари ҳам ишонишмаган. Бугунги кунда эса у электроника, банк хизматлари, бошқарув масалаларида АҚШ, Япония, Гонконг билан тенг беллашмоқда, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари орасида эса етакчилик қилмоқда. Бунга қандай эришди? Албатта, хорижий инвесторлар ишончига кириш, улар сармоясини мамлакатга кенг жалб этиш, бунинг учун ўлкада зарур шароит яратиб бериш ҳисобига.
Тараққиёт босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда ҳам шу каби жараёнлар кечиши табиий. Қувонарлиси, жаҳон эксперт ташкилотлари мутахассислари Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий вазият ҳақида яхши фикрлар билдирмоқда. Масалан, Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2021 йил 26 апрелда эълон қилинган қарзлар барқарорлиги бўйича ҳисоботда мамлакатнинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори ва ташқи қарз мўътадил экани айтилган. Бундан ташқари, республиканинг умумий тўлов қобилияти 3,16 бирликкача ошган. Бу халқаро кредиторлар мамлакатда давом этаётган иқтисодий ўзгаришлар натижаларига таяниб, Ўзбекистоннинг тўлов қобилиятига ишончини тасдиқлайди.
Акром ҲАСАНОВ,
Австралиянинг Монаш университети катта илмий ходими, PhD, бизнес факультети илмий-тадқиқот дастури директори ўринбосари.
Масалага илм кўзи билан қаранг!
Ҳар бир воқеликка, ҳодисага илмий нуқтаи назардан ёндашишга одатланганман. Шу боис бўлса керак, кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича ижтимоий тармоқларда урчиётган гаплар менга эриш туюлмоқда. Бу муҳокамаларнинг таг-замини пуч, асос йўқ, умуман, илмий нуқтаи назардан ёндашилмаган.
Тўғри, уларни ёзаётган муаллифлар ташқи қарз, унинг моҳияти, аҳамияти ва берадиган фойдасини чуқур тушуниб етмас. Ташқи қарзларни қоплаш стратегияси ҳақида ҳам бирор-бир тушунчага эга эмасдир? Бу жиҳатларни ҳам эътибордан қочирмай, дарҳол унга пойинтар-сойинтар муносабат билдириш ҳам инсофдан эмас. Бироқ юрт фарзанди сифатида, гарчи ўзим хорижда ишлаётган бўлсам-да, муносабат билдиришга, ўз қарашларимни баён этишга жазм қилдим.
Шундоқ ҳам Ўзбекистоннинг ёзма нашрларида, интернетда бу мавзуда илмий-ҳаётий мисоллар билан чамбарчас боғланган мақолалар бериляпти. Булар билан уларнинг сайтлари орқали танишиб турибман. Айниқса, менга “Халқ сўзи”да яқинда эълон қилинган Қудратилла Рафиқовнинг катта ва шунга монанд равишда салмоқдор мақоласи маъқул бўлди. Ҳаётий, бугунги кун билан боғланган.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистонда очиқлик сиёсати юритилмоқда. Бу шуни англатадики, ташқи қарзлар тўлиқ қоплангани ҳақидаги мулоҳазаларни ҳам ҳали кўп ўқиш вақти келади. Ривожланишнинг чўққисига чиқиш ҳам узоқ куттирмайди, деб ўйлайман.
Негаки, бугунги саъй-ҳаракатлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, дунёвий интеграциялашув ва ўзаро ишонч муҳитининг устуворлик касб этиши қўллаб-қувватлашлар залварини янада орттиради. Бу эса тараққиёт сари зинама-зина кўтарилишга асос бўлади. Учинчи Ренессанс пойдеворига бугундан асос солиниши кераклиги ҳақида Президент бежиз бонг урмаяпти. Бу ушалмас орзу эмас. Бугунги мамлакат иқтисодиётига жалб этилаётган инвестициялар ҳам унга тамал тоши бўлиб хизмат қилиши кундай равшан.
Шоҳруҳ МАЖИДОВ,
ХХРнинг Чангшу технология институти доценти, PhD.
Имкониятлар калити
Ҳаёт пасту баландликлардан иборат. Гоҳида ундай, баъзан бундай. Айтайлик, оилангизда кутилмаганда бир муаммо чиқиб қолди. Гап унинг қанчалик катта ёки кичиклигида эмас, нақадар тез ҳал этилиб, ижобий якун топишида. Албатта, бунинг учун оилабоши масъул ва муаммони бартараф қилиш чораларини кўради. Ана энди бундай вазиятни жамият, бутун бир мамлакат миқёсида тасаввур этиб кўринг — масъулият қанчалик улкан ва залварли.
Пандемия дунё мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам ортиқча юк, қўшимча синов бўлди. Бу мамлакатлар олдига юзага келган вазиятни тезроқ юмшатиш, бунинг учун зарур чораларни кўриш вазифасини қўйди. Бир тарафда одамлар соғлиғини сақлаш, иккинчи томонда иқтисодиётни таназзулдан асраш лозим эди. Бундай шароитда аҳолини ҳам тиббий, ҳам ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳам иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ҳазилакам гап эмас.
Энди, ўйлаб кўринг, Ўзбекистон хориж давлатлари билан дўстона муносабатда бўлмаганида, халқаро молиявий ташкилотлар билан яхши ҳамкорлик қилмаганида мазкур муаммога қандай ечим топган бўларди?! Бу фақат Ўзбекистонга эмас, балки барча давлатларга дахлдор жиҳат. Чунки ўзаро алоқаларсиз, бир-бирини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловсиз тараққиётга эришиш қийин. Назаримда, мақолада кўтарилган қарз масаласи айни шу жиҳатдан ҳам жуда долзарб ва ўринли.
Узоқ йиллар сиёсий партия раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Спикер ўринбосари лавозимларида ишлаган тажрибаларимдан келиб чиқиб айтсам, ўша кезларда давлатнинг ташқи қарзи кўпам очиқ-ойдин гапирилиб, маълумотлар тақдим этилавермасди. Қандайдир ўз қобиғимизга ўралиб қолгандик. Лекин аслида бундай юриб бўлмасди. Энг ривожланган давлатлар ҳам бир-биридан қарз олиб, йирик лойиҳаларни амалга оширган. Аҳоли ҳаёт сифатини яхшилашга интилган. Биз нима учун шу йўлни танлаб, одамларга қулай шароит яратмаслигимиз керак? Ахир салоҳиятимиз бўлса, қурбимиз етса! Энг муҳими, халқаро ҳамжамият бугунги ислоҳотларга ишонч билдириб, ҳамкорлик қилишга тайёр турган бўлса. Шу боис мамлакатимиз халқ манфаати учун дадил қадам ташлади.
Бир омилни яхши аниқлаштириб олишимиз керак. Энг аввало, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ташқи қарзи мақбул даражада. Буни халқаро молиявий ташкилотлар ва муассасалар, экспертлар ҳам тан олади. Иккинчидан, ташқи қарз қачон хавотир уйғотиши мумкин? Қачонки у нотўғри сарфланса ёки очиқ бўлмаган жараёнлар орқали ўзлаштирилса. Лекин бизда ҳаммаси мақсадли лойиҳаларга йўналтирилмоқда. Демак, ортиқча хавотирга асос йўқ.
Умуман, бугунги дунё иқтисодиёти фани ва статистикасига таяниб шундай хулоса қилиш мумкинки, қарз кўплиги бир давлатнинг аҳволи оғирлигини англатмайди. Аксинча, иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли мамлакатлар керак пайтда қарз олиш (нисбатан паст ставкада) имкониятига эга бўладилар.
Матбуот шу мавзуда долзарб мақолалар бериб борса, таҳлиллар орқали одамларнинг масала моҳиятини тушунишига кўмаклашса, ўйлайманки, жуда маъқул иш бўлади. Турли саволларга, тушунмовчиликларга ўрин қолмайди.
Исмоил САИФНАЗАРОВ,
фалсафа фанлари доктори, ТДИУ профессори.
Даврга ҳамоҳанг қадам
Илм одами сифатида сенатор ва сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Бугун қарсаклар замони эмас!” сарлавҳали мақоласида кўтарилган мавзу юзасидан ўз қарашларимни билдиришни лозим топдим.
Дарҳақиқат, мақолада ташқи қарз нима учун кераклиги, у қандай олиниши, тўғрироғи, қарз кимларга берилиши мумкинлиги, шу мезонга мос бўлиш учун давлат сиёсати қандай олиб борилаётгани ва умуман, мамлакатдаги ўзгаришлар кенг очиб берилган.
Айтиш керакки, Ўзбекистонда очиқлик сиёсати олиб борилмоқда. Шу боис ҳам ташқи қарздан ҳамма хабардор. Ва кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикрини билдирмоқда. Уларнинг айримларини ўқиб, хаёлга борасан: аввалгидек ҳамма ёқни беркитиб, қарсакбозликларга маст бўлиб, бир жойда депсиниб турганинг яхшими ёки имкониятга яраша қарз олиб, пулни айлантириб, иқтисодиётни ҳам, жамиятни ҳам бирдек ҳаракатга келтириб, мамлакатнинг, миллатнинг томирига янги қон йўналтириб, унга куч-қувват ва ғурур бахш этган яхшими? Албатта, қарз олиб, ишламаётган “ричаг”ларни, имкониятларни ишга тушириш керак дейдиганлар кўпчиликни ташкил қилишига ишонаман.
Авваллари ташқи қарз “бошоғриқ” бўлиши мумкинлигини инкор этиш инсофдан эмас. Чунки у пайтда очиқлик йўқ эди, бунинг устига ҳамма ҳам қарз беравермасди. Энди эса замон ўзгарди, сиёсат ўзгарди.
Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари қадам босган Ўзбекистон шароитида ягона ва тўғри йўллардан бири, шубҳасиз, халқаро молия муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар кўмагига суяниш, яъни йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун ташқи қарздан фойдаланиш зарур. Бундай амалиётни ҳеч бир ривожланган давлат четлаб ўтмаган.
Юсупжон ЮЛДОШБОЕВ,
Россия давлат аграр университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Россия Фанлар академияси академиги.
Муҳими — мақсадли ва тўғри ишлатиш
Чиндан ҳам, ташқи қарз, давлат қарзи ҳақида кейинги пайтларда кўп ва хўп ёзилмоқда. Хусусан, ўзим ҳам бир неча бор оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилдим. Бу орқали ОАВда, ижтимоий тармоқларда, жамоатчилик орасида билдирилаётган фикрларга жавоб беришга интилдим. Лекин “Бугун қарсаклар замони эмас!” мақоласи бу борада энг тушунарли чиқиш бўлди, десам, адашмайман.
Нега деганда, унда ташқи қарз нима, қандай берилади ва олинади, нималарга сарфланади, қайтариш имкониятлари қандай бўлади — барча саволларга аниқ ва ҳаётий мисоллар орқали жавоб берилган. Ўқувчида ортиқча иштибоҳ пайдо бўлишига ўрин қолмаган. Ваҳоланки, қарзсиз ривожланган мамлакатнинг ўзи йўқ. Ривожланиш чўққисидаги мамлакатлар ҳам ташқи қарз эвазига иқтисодиёт локомотиви ҳаракатини тезлаштириш йўлидан боради. Қарз бўла туриб, бир-биридан қарз олаётган давлатлар ҳам бор.
Масалан, АҚШнинг энг йирик ташқи қарзи Япониядан, Япониянинг катта қарзи эса АҚШдан. Бу шуни англатадики, дунёнинг ривожланган давлатлари ўртасида ишонч кучли, шу боис улар бир-бирига қарз бериб, бир-бирининг иқтисодиётига сармоя киритиб, ишлашаверади. Энг муҳими, олинган қарзни мақсадли ва тўғри ишлата билишда! Бу борада Ўзбекистон юритаётган сиёсат, мамлакат ичкарисида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ишонч бағишлайди.
Ташқи қарзнинг ўсиш динамикаси кейинги йилларда тезкорлик касб этган бўлишига қарамай, халқаро меъёрларга кўра, мўътадил даражада қолмоқда. Бу — халқаро экспертларнинг фикрлари. Улар эса бу гапни илмий нуқтаи назардан ўрганиб, кейин айтган.
Демак, мамлакат тўғри йўлдан шахдам одимламоқда. Унинг мевасидан баҳраманд бўлиш кейинги авлодларга эмас, балки сизу бизга ҳам насиб этишига ишонч уйғонган.
Муҳиддин КАЛОНОВ,
«Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари» илмий-тадқиқот маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Кўпчиликни қизиқтирадиган мавзу
Давлат ташқи қарзи масаласи кейинги пайтларда энг кўп гапириладиган, муҳокама этиладиган мавзулардан бирига айланди. Фикримча, бунинг асосий сабаби — шу пайтгача мазкур мавзу ёпиқ бўлганида. Яъни авваллари қайси давлат ёки молиявий ташкилотдан қанча қарз олиняпти, улар қаёққа йўналтириляпти, қандай қайтарилади каби саволларга жавоб топиш тугул, бу хусусда аксариятимиз тушунчага ҳам эга эмасдик. Чунки тан олайлик, Ўзбекистон кўп жиҳатдан ёпиқ давлат эди.
Натижада мамлакатимизга сармоядорлар келиши суст, иқтисодиётимиз ривожини ҳам қувонарли, деб бўлмасди. Мисол учун, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби ташкилотлар томонидан бирор мамлакатга маблағ ажратишдан олдин ўша давлатнинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳиятини “паст”, “ўртача” ва “кучли” сифатида таснифлайди. Яъни қайтарилиш имкониятини шундай баҳолайди. Бундан икки йил аввал улар Ўзбекистонни “кучли гуруҳ”га киритди. Бу таснифдагиларга давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 55 фоиздан, жами давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 70 фоиздан ошмаслиги тавсия этилади. Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори ҳар йили ўсиб бормоқда. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 35,2 фоизни ташкил этади, бу хавотирли эмас. Қолаверса, мамлакатимиз қарзни кўпроқ молиявий институтлардан олиб келмоқда.
Охирги йилларда Ўзбекистон очиқликка юз тутди. Иқтисодий рақамлар, рақамлар ортидаги имконият ва шароитлар ҳақида турли хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу жараён, табиийки, давлат қарзи, ташқи қарз каби илгари эшитмаган сўзлар одамларда саволлар пайдо қилди. Уни ҳамма ўзича изоҳлай бошлади. Шарҳлашга киришди. Натижада одамлар унинг аҳамиятини тушуниб, масала моҳиятини чуқур англай бошлади. Шулар орасида “Халқ сўзи”да “Бугун қарсаклар замони эмас!” сарлавҳали мақолада айтилган фикрлар айни шу масалани ҳозир мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил ва асосли факт ҳамда далиллар асосида очиб бергани билан аҳамиятлидир.
Зеро, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида халқимиз турмуш фаровонлиги, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг дунё ва халқаро ташкилотлар олдидаги мавқеи юксалиб, ўзаро ишонч муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани ана шу янгиланиш ҳамда ўзгаришлар фонида яққол кўзга ташланади.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Сарфлангани икки баробар бўлиб қайтади
Металлургия саноатига киритилган ҳар бир инвестиция салкам икки баробар иқтисодий қайтим беради, дейишади. Менимча, буни фақатгина металлургия саноатида эмас, барча соҳа ва тармоқларга ҳам қўлласа бўлади. Бунинг учун ўша сармоя аниқ ва мақсадли йўналтирилса кифоя.
Шу маънода, “Бугун қарсаклар замони эмас!” мақоласида қарз иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини ривожлантириш, саноат секторини модернизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун зарурлиги, у иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилишга қўшимча сармоялар оқимини киритиш орқали мамлакатга ижобий таъсир кўрсатиши таъкидлангани саноат соҳасининг бир вакили сифатида менда ҳам айрим фикрларни уйғотди. Буни ўз фаолиятимиз, аниқроғи, корхонамиз мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатимиз томонидан “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда. 11 минг гектар ҳудудни эгаллаган конда йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олинади. Конимизда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун эса комбинатимизнинг 3-мис бойитиш фабрикаси ҳам қурилмоқда. Унинг қурилишини молиялаштириш учун 712 миллион евро миқдоридаги кредит маблағлари ажратилган.
Электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг жадал тараққиёти ҳисобига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоиз ошиши кутиляпти. Демак, мис келажакнинг нодир металига айланади. Аслида, миснинг табиий кони жуда кўп ҳам учрайвермайди. Бундай инъом камдан-кам давлатларгагина насиб этади. Қувонарлиси, Ўзбекистон шулар қаторида! Геология ишлари натижасида Олмалиқда 45 миллион тонна мис захираси топилган. Бугунги кунда жаҳон бозорида 1 тонна миснинг нархи 6,5 минг АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.
2028 йилдан кейин “Қалмоқир” ва “Ёшлик-1” конлари бирлаштирилиши билан Ўзбекистон дунёдаги энг катта очиқ конга эга мамлакатга айланади. Натижада мис қазиб олиш биринчи босқичда 100 миллион тонна, иккинчи босқичда эса 160 миллион тоннага етади.
Бугунги кунда бизда ишлаб чиқарилаётган мис маҳсулотлари 15 давлатга экспорт қилинмоқда. Мамлакатимизда сўнгги 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баробар кўпайди. Бироқ бу билан чекланмай, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам кенгайтиришимиз керак. Шу боис айни чоғда мис саноати кластерини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган.
Кўряпсизми, бир лойиҳа ортидан бошқалари ҳам ривожланяпти, қўшимча имкониятлар вужудга келяпти. Иқтисодиётимиз янги ишлаб чиқариш субъектлари, янги маҳсулотлар билан бойияпти. Қўшимча иш ўринлари яратиляпти. Мана, инвестиция, қарз нима учун керак!
Абдулла ХУРСАНОВ,
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор.
Бардавом ислоҳотлар натижаси
Ҳаёти давомида қарз олиб, қарз бермаган киши бўлмаса керак. Мамлакатлар эса ўз-ўзидан, ўзаро қарзлар орқали иқтисодиётини бир-бирига боғлашади. Шулар ортидан олдинга интилиб, халқи фаровонлигини таъминлайдилар. Муаллиф бу борада аниқ рақамларни келтириб, дунёнинг энг ривожланган давлатлари ҳам ўзаро қарзлар воситасида боғланганлигини ижобий ҳодиса сифатида таъкидлайди. Лекин бизнинг қарз олишимиз айримларнинг ғашини келтираётганини қандай тушунмоқ керак?
Муаллиф ушбу саволга батафсил жавоб бераркан, XXI аср ахборот технологиялари ривожланган давр сифатида барча масалалар инсониятнинг фаровон ва хавфсиз ҳаёт кечириши ҳамда меҳнат қилишига қаратилиши кераклигини таъкидлайди. Бу борада ривожланган мамлакатларда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бутун инсоният тинч-тотув ва ҳамкорликда яшашга интилмоқда. Афсуски, дунёда таҳликали вазиятлар ҳам сақланиб қолмоқда. Ана шундай бир мураккаб ҳолатда биз ҳам ўз ўрнимизни топишимиз ва уни мустаҳкамлашимиз жуда муҳимдир.
Мен кон-металлургия соҳасининг турли бўғинларида ишлаган раҳбар сифатида шуни алоҳида айтиб ўтишим керакки, кейинги йиллардаги ўзгаришлар тушимизга ҳам кирган эмас. Олдинлари хорижий ҳамкорларнинг ишончини қозониш, бу соҳага четдан маблағ жалб этиш жуда қийин масала эди. Замонавий ва рақобатбардош техникаларни сотиб олиш учун, албатта, катта маблағлар зарур эди. Ажратилаётган маблағлар эса етарли эмасди. Содда қилиб айтганда, “ўз ёғимизга ўзимиз қовурилиб юрардик”.
Ниҳоят, сўнгги йилларда Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан кон-металлургия соҳаси янги ривожланиш ва юксалиш даврига қадам қўйди. Комбинатни ривожлантиришнинг 2017 — 2026 йилларга мўлжалланган янги техника ва технологияларни жорий этиш бўйича қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 27 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг ташкил топиши четдан маблағларни жалб этишда катта имкониятлар эшигини очмоқда.
Тошкентда бўлиб ўтган биринчи Халқаро инвестиция форуми доирасида комбинатнинг инвестиция дастурини молиялаштириш учун 1 миллиард долларлик ҳамкорлик битими имзоланди. Шуниси алоҳида муҳимки, бу кредит маблағлари давлат кафолатисиз олинди. Бу нимани англатади? Демак, хорижлик ҳамкорларимиз бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бардавомлигига ишонмоқда. Ишонч эса ўз-ўзидан бўлмайди. Унинг замирида Президентимиз олиб бораётган очиқлик ва прагматик сиёсат турибди. Шундай экан, бугунги кунда ҳар бир фуқаро, корхона яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, натижа учун ишлаши керак.
Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
«Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви раиси — бош директори, сенатор.
Муносиб ҳаётга мустаҳкам замин
Мамлакат тараққиёти даражаси амалга оширилаётган қурилишлар билан ҳам ўлчанади. Шу маънода, бугун мамлакатимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Бинобарин, сенатор, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов мақоласида келтириб ўтилган Президент таъбирига кўра, “агар бу (қарз) бўлмаганида ойлик ҳам, метро ҳам бўлмас эди...”
Мен Тошкентда туғилиб, вояга етганман. Касбим қурувчилик. Шу боис азим шаҳримиздаги бино ва иншоотлар тарихини яхши биламан. Қурилиш жараёнларини таҳлил қила оламан. Қайд этилганидек, Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг аксарияти 1966 йилдан кейин қурилган ва улар, асосан, икки қаватли эди. Кейинчалик ҳам қурилиш ишлари амалга оширилди. Уйлар тўрт, беш, тўққиз, ўн икки, ўн олти қаватли қилиб кўтарилди. Бунда пишиқ ғиштдан фойдаланилгани қўл келди. 2018 йилдан эса темир-бетон панеллардан фойдаланила бошланди. Бу, аввало, қаватлар сони ортиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, ишлар кўлами кенгайиши билан чамбарчас жараёндир.
2020 йилда пойтахтда қурилаётган биноларнинг қаватлари сони кескин ошди. Ваҳоланки, бунгача Тошкентда 12 қаватдан ортиқ атиги 30 га яқин тураржой бинолари бор эди, холос.
Бундан 4-5 йил аввал бизда ҳам замонавий “сити”лар қурилади, осмонўпар бинолар бўлади, деса биров ишонмасди. Очиғи, кўзимиз пастак-пастак иншоотларга ўрганиб қолганигами, буни аксарият одам тасаввур ҳам қилолмасди. Лекин мана, қилса бўларкан-ку! Бугун нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам замонавий шаҳарчалар бунёд этилди ва этиляпти. Масалан, Самарқанд вилоятида шу вақтга қадар баландлиги 12 қаватдан юқори бинолар қурилмаган. Ўтган 2-3 йил мобайнида Қорасув мавзесида 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 116 та тураржой барпо этилди. 2021 йилдан эътиборан яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уй қурилмоқда.
Ёки Андижонни олинг. Вилоятда умумий майдони 4 минг гектар бўлган Янги Андижон шаҳри барпо этиляпти. Шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилади. Яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилмоқда.
Умуман олганда, айни пайтда соҳада 1,5 миллионга яқин қурувчилар фаолият юритмоқда. Тизимдаги корхона ва ташкилотлар сони эса 43,3 мингтага етган. Қурилиш корхоналари умумий сонининг 56,9 фоизи бино ва иншоотлар, 9,9 фоизи фуқаролик объектлари, 33,2 фоизи ихтисослаштирилган қурилиш ишларини бажаради. 2010 йилда қурилиш ишлари ҳажми 8,2 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 100 триллион сўмдан иборат бўлди. Ҳалигача уй-жой қурилиши соҳанинг локомотиви бўлиб қолаётганини инобатга олсак, одамларни кичик ватанли қилиш, яъни уларни қадрлаш, муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятига айланган, дейишга асосларимиз етарли. Зеро, эътибор ва зарур маблағ бўлмаса, замонавий уй-жой ва мавзелар қаердан барпо этиларди?!
Ботир ЗОКИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири.
Биз «яшил иқтисодиёт» йўлидан боряпмиз
Аввало, шуни айтиш керакки, мақоланинг “Бугун қарсаклар замони эмас!”, дея номланганининг ўзиёқ катта маънога эга. Чиндан ҳам, ҳозир қилган ишларимизга маҳлиё бўлиб, ўзимизни ўзимиз мақтаб ўтирадиган давр эмас. Аксинча, мамлакатимиз, халқимиз учун хизмат қиладиган лойиҳаларни нафақат ишлаб чиқиш, балки амалиётга самарали татбиқ этиш жуда муҳим.
Муаллиф кейинги йилларда юртимиз энергетика соҳасидаги ислоҳотларни эътироф қиларкан, кўплаб шамол ва қуёш электр станциялари барпо этилаётгани, бу ташаббуслар истиқболли экани, чет эл молия институтлари эътирофига сазовор бўлаётганини алоҳида таъкидлаб, жумладан, шундай қиёс қилади: “ҳолбуки, дунёда ўнлаб йиллар мамлакатида битта йирик завод ёки корхона, оддий тўғон қуришга пул топа олмай сарсон бўлиб юрган давлатлар ҳам йўқ эмас”.
Энди биздаги рақамларга эътибор беринг: Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 29 та лойиҳа амалга оширилади. Улар қўшимча 71 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради, йилига 12 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Тасаввур қиляпсизми? Ҳам ишлаб чиқарамиз, ҳам табиий захирамизни тежаймиз.
Ёки бўлмаса, яқинда Туркия Республикаси Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга тушириб, Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб бергани ҳам тизимдаги улкан воқеалардан бири бўлди. Нега деганда, Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради. Ховос туманидаги янги иссиқлик электр станцияси эса 220 мегаватт қувватга эга, унда йилига 1 миллиард 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Мана, нима учун бизга инвестициялар керак! Мана, нима учун ташқи сармоя муҳим?! Улар масалан, электр энергияси таъминотида янги имкониятлар очилишига, демакки, халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилади. Ваҳоланки, бир пайтлар одамларимиз суткасига 20 — 22 соатлаб электр энегиясиз ўтирарди. Бу, албатта, уларнинг кайфиятига жуда ёмон таъсир қиларди.
Сўнгги тўрт йил мобайнида соҳага инвестиция йўналтириш жараёни тезлашди. Хусусан, шу вақт ичида электр инфратузилмасига жалб қилинган инвестициялар ҳажми мустақиллик давридаги жами инвестицияларнинг 75 фоизига тенг бўлгани ёки 26 баравар кўпайгани эътирофга лойиқ.
Бундан ташқари, 2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси қабул қилинган. Бу нима дегани? Бу биз бундан буёғига шамол ва қуёш иссиқлигидан ҳам самарали фойдаланамиз, дегани. Чунки минтақадаги жойлашувимиз йирик гидроиншоотлар қуриш имкониятини чеклайди. Шу боис муқобил манбалардан фойдаланишимиз зарур.
Ўзбекистон бу борада етарлича куч ва салоҳиятга эга. Бугунги қилинаётган саъй-ҳаракатлар, соҳадаги аниқ мақсадли лойиҳалар бунга шароит ва имконият яратади.
Алишер СУЛТОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири.
Бугунги сиёсатда дадиллик ва жасоратни кўраман
Дунёнинг қалтислашиб бораётган майдонида ўзни йўқотмаслик, халқ фаровонлиги сари тинимсиз ҳаракат учун ҳам жасорат керак. Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатда мен жасоратни кўраман. Айтиш жоизки, ислоҳотларнинг айрим жиҳатлари, яъни қарз билан боғлиқ масалаларнинг мазмун-моҳияти “Халқ сўзи” газетасининг шу йил 18 март сонида чоп этилган “Бугун қарсаклар замони эмас!” мақоласида жуда кенг ва тушунарли тарзда таҳлил этиб берилган. Хусусан, бизнинг завод ҳақида ҳам мулоҳазалар келтирилган.
Дарҳақиқат, завод қуриш, қургандаям технологияларнинг энг сўнгги русумидагисини, ҳали айрим ривожланган давлатлар қурби етиши у ёқда турсин, ақлини шошириб қўядиганини қуриш осон эмас. Бунақаси дунё бўйича 6 та, холос.
Очиғи, бундай гигант корхонани Ўзбекистон ўз маблағига қуриши жуда қийинлигини яхши биламиз. Айнан шу боис заводимиз қурилиши бир вақтлар тўхтаб қолганди. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, қатъий позицияси билан ноёб завод барпо этилиб, ишга туширилди. “Ташқи қарз шартми?” каби гапларга мана шунинг ўзи бир мисол бўла олади.
Бир нарсани яхши англаб олиш керакки, аслида қарз ҳаммага ҳам берилавермайди. Бунинг учун ишончга кириш лозим. Мамлакатимиз танлаган йўл, олиб борилаётган сиёсат халқаро ҳамкорларда қатъий ишонч уйғотиб, таклифларга “лаббай” дейишларига асос бўлди. Заводимиз мисолида айтадиган бўлсам, Нидерландиянинг “ING Bank”и, Хитойнинг Тараққиёт банки, Жанубий Кореянинг Эксимбанки, шу давлатнинг Савдо-суғурта корпорацияси, Россиянинг “Газпромбанк”и, “Росэксимбанк”и сингари молия институтлари бизни қўллаб-қувватлади. Яъни лойиҳанинг умумий қиймати 3,42 млрд. доллар бўлса, шунинг 1,12 млрд. доллари “Ўзбекнефтгаз” АЖники, қолган 2,3 млрд. доллари ташқи қарз.
Ташқи қарздан қутулиш масаласига келсак, қурилишга сарфланган маблағ тезда ўзини оқлайди. Сабаби, аввал газнинг ўзи хом ашё сифатида сотилган бўлса, эндиликда қўшимча қиймат яратиляпти. Яъни газни қайта ишлаш ҳисобига йилига 724 минг тонна синтетик дизел ёнилғиси, 307 минг тонна синтетик керосин, 437 минг тонна синтетик нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газдан ташқари чизиқли аксилбензол, чизиқли аксилбензол сульфанат, гексен-1, бутен-1 синтетик мойлари, парафин гранулалари ҳамда бошқа маҳсулотлар ҳам олинади. Булар янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш имконини беради. Демак, иш ўринлари янада кўпаяди. Бундан ташқари, газнинг ўзини хом ашё сифатида сотганга қараганда 2,5 баробар кўп фойда олинади.
Қисқаси, Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилган мазкур лойиҳа рентабеллигига халқаро ҳамкорлар ишончи кучли. Бу эса келгусида қилинажак лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳам имкониятларни кенг очиб беради.
Фахритдин АБДУРАСУЛОВ,
Қашқадарё вилоятидаги
«Uzbekistan GTL» МЧЖ бош директори.