Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Беларусь: Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди. Ташриф давомида икки давлат пойтахт вилоятлари ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгилаб олинади.

Буюк Британия: Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси делегацияси терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш, жабрланувчилар ва гувоҳлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Британия тажрибасини ўрганди.

Франция: 2026 йил 9 октябрь куни “Agro Paris Tech” олий таълим муассасасида “Барча учун сув” халқаро таълим дастурининг 2025-2026 ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда дастурни муваффақиятли тамомлаган Ўзбекистон вакиллари ҳам халқаро дипломларни қўлга киритди.

Польша: Польша ва Ўзбекистон бизнес вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди. Тадбирда икки мамлакатнинг инвестициявий имконияти тақдим этилиб, B2B ва G2B учрашувлари ўтказилди.

Сингапур: Ушбу мамлакатда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил қилинди. Маросимда Сингапурдаги элчимиз Алишер Қаюмов савдо, инвестиция, таълим ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболига тўхталди. Тадбирнинг фахрий меҳмони, катта давлат вазири Мурали Пиллай сингапурликларни юртимизнинг бой тарихи, меъморий обидалари ва меҳмондўстлик анъаналари билан танишишга чақирди.

Сербия: Белград шаҳрида Сербия Республикаси Таълим вазирлиги Давлат котиби Жасмин Ҳожич ва вазир ўринбосари Янко Самаржич билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА