Ташқи дипломатия
ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.
Польша: Ўзбекистон Республикасининг Варшавадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев ушбу давлат Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги давлат котиби, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Польша – Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси Михал Ярос билан самарали учрашув ўтказди. Мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар юқори даражадаги ташрифларга тайёргарлик кўриш ва аниқ экспорт ҳамда сармоявий келишувлар орқали ўзаро савдони чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўмон: Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси Абдусалом Ҳотамов Султонлик мерос ва туризм вазири Саййид Иброҳим бин Саид Ал Бусаидий билан учрашув ўтказди. Суҳбат жараёнида томонлар икки давлат туризм соҳасидаги ҳамкорлиги кўламини янги босқичга олиб чиқиш масаласини атрофлича муҳокама қилдилар.
Япония: Ўзбекистоннинг кун чиқар юртдаги элчихонасида Сайтама префектураси билан бирга “Koshigaya Kita High School” тарбияланувчилари учун танишув ташрифи ўтказилди. Учрашувда 30 нафар ўқувчи ва ўқитувчи иштирок этди. Ёшлар диёримизнинг бой маданий мероси билан танишиб, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар, миллий анъаналар ва таомларимиз ҳақида батафсил маълумот олдилар. Томонлар келгусида мактаб саёҳатларини ташкил этиш, таълим ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Малайзия: Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчиси доктор Каромиддин Гадоев “Petronas” корпорацияси катта вице-президенти, “Petronas Chemical Group Berhad” компанияси бош ижрочи директори Мазуин Исмоил билан учрашув ўтказди. Томонлар республикамизда кимё ва нефть-кимё соҳаларида янги истиқболли қайта ишлаш лойиҳаларини бирга амалга ошириш имконияти муҳокама қилинди.
Германия: Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов Шлезвиг-Хольштейн федерал ўлкаси бош вазири Даниэль Гюнтер, иқтисодиёт, транспорт, бандлик, технология ва туризм вазири Клаус Руе Мадсен, шунингдек Савдо-саноат палаталари ҳамда Любек университети раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар чоғида иқтисодиёт, ҳудудлар, туризм, касбий таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Буюк Британия: Ўзбекистон Республикаси Касбий таълим агентлиги ҳамда Қиролликнинг “Efekta” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида инглиз тилини ўқитишга мўлжалланган замонавий онлайн платформа жорий этиш масаласи кўтарилди. Томонлар ушбу лойиҳа орқали таълим сифатини ошириш ва рақамли ўқитиш имкониятини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Франция: Ўзбекистонлик тадқиқотчилар Франциядаги “Cirad” илмий-тадқиқот марказида малака ошириш имконига эга бўлди. Ушбу дастур доирасида вакилларимиз замонавий илмий ёндашув, инновацион технология каби муҳим йўналишларда мезбонлар билан илғор тажриба алмашадилар. Бундай шериклик илмий салоҳиятни ошириш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини илгари суришга кўмаклашади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА