“Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумига старт берилди
Бугун, 15 июлдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми учун лойиҳаларни қабул қилиш бошланди.
Фуқаролар ўз таклифларини 3 августга қадар Openbudget.uz портали орқали киритишлари мумкин. Шунингдек, шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳаларни ҳам шу муддатгача тақдим этиш имконияти мавжуд.
Таъкидлаш лозимки, “Ташаббусли бюджет” халқимизни бирлаштирадиган, мавжуд муаммоларга аҳолининг иштирокида ечим топадиган катта ижтимоий лойиҳага айланди. Аҳолининг бу жараёндаги иштироки, молиявий саводхонлиги, ташаббускорлиги йилдан йилга ошмоқда.
Бу жараёнларда депутатларнинг ҳам иштироки кенгайтирилиб, сайловчи ва депутат ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Ҳар бир депутатнинг танлаган лойиҳасига икки мавсум учун жами 3,3 миллиард сўмлик маблағ ажратилмоқда. Бу эса жойлардаги муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлаётир.
М.Комилова,
ЎзА