Ташаббус: эҳтиёжманд оилаларга яна бир қулайлик яратилмоқда
Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Самарқанд вилояти Қўшработ туманида ёмғир сувини йиғиш ва ундан томорқаларни суғоришда фойдаланиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ташаббус доирасида Қийқим маҳалласидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 8 та хонадонига ёғингарчилик пайтида сувни тўплаш ва махсус сиғимларда сақлаш тизимлари ўрнатилади. Йиғилган сувдан томорқаларни тежамкор суғоришда фойдаланиш кўзда тутилган.
Маҳалладаги томорқаларни сув билан таъминловчи Оқтепасойда ёз ойларида сув миқдорининг камайиши аҳолининг экинлар, мевали дарахтлар ва токзорларни суғоришида қийинчилик туғдирмоқда. Айрим хонадонларда сув танқислиги туфайли боғ ва токзорлар қуриб қолаётгани, экин экиш мумкин бўлган ерлар эса бўш ётгани қайд этилган.

Хонадонларни танлаш ишлари туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳамкорлигида амалга оширилади.
Ташаббус Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт” уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Сув хўжалиги вазирлиги давлат буюртмачиси, уюшма эса лойиҳанинг бевосита ижрочиси сифатида иштирок этади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Қўшработ туманида ўртача кўп йиллик ёғингарчилик миқдори 389 миллиметрни ташкил этади. Томи 100 квадрат метр бўлган хонадонда бир йил давомида 38 тоннагача ёмғир сувини йиғиш мумкин.

Йиғилган сув 10 сотих томорқадаги мевали дарахтларни томчилатиб суғориш эҳтиёжининг 45-50 фоизини, сабзавотларни томчилатиб суғориш эҳтиёжининг эса 30-35 фоизини қоплаши мумкин.
Лойиҳа сув танқислиги таъсирини камайтириш, томорқалардан самарали фойдаланиш ва аҳолининг қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ташаббус доирасида олинган натижалар асосида келгусида ёмғир сувини йиғиш ва ундан самарали фойдаланиш технологияларини сув танқислиги кузатиладиган бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш имкониятлари ўрганилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА