Ташаббус: “Бобур авлодлари лигаси” мусобақаларига старт берилди
Андижон шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” стадионида Андижон вилоятидаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бобур авлодлари лигаси” спорт мусобақаларининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Олий ўқув юртлари раҳбарлари, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.


Президентимиз раислигида жорий йил 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, юртдошларимизни оммавий спорт турларига жалб этиш, мунтазам спорт билан шуғулланишларини йўлга қўйиш, шу орқали халқимиз саломатлигини яхшилаш бўйича бўлиб ўтган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги олий ўқув юртлари ректорлари ташаббуси билан талабалар ўртасида “Бир майдон, бир мақсад — дўстлик ва соғлик” шиори остида илк бор ўтказилаётган “Бобур авлодлари лигаси” спорт мусобақалари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан.


Дастлаб стадионда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундай сўнг сўз олган Андижон давлат университети ректори профессор, Бахтиёржон Акбаралиев ва бошқа олий таълим муассасалари ректорлари мусобақанинг мақсади, унинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ва роли, ундан кутилаётган натижалар ҳақида гапирди, иштирокчиларга омадлар тилади.

Таниқли қўшиқчилар иштирокидаги бадиий дастур тадбирга янада юқори кўтаринкилик бағишлади.
Умумий соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган “Бобур авлодлари лигаси” спорт мусобақаларида олийгоҳ талабалар жамоалари спортнинг мини футбол, волейбол ва баскетбол турлари бўйича учрашувлар ўтказиб, ғолиблик учун кураш олиб боради.


“Бобур авлодлари лигаси” спорт мусобақалари ҳафтанинг ҳар чоршанба куни олийгоҳларнинг белгиланган спорт иншоотларида ўтказилади. Ушбу мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиришга, жисмоний фаоллик ва спортни ривожлантиришга, соғлом турмуш тамойилларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.