“Таsanno” – турли халқларни бир дастурхон атрофида бирлаштирган фестиваль
Биродар шаҳарлар альянси ташаббуси билан Тошкентда “Таsanno” халқаро миллий таомлар ва маданиятлар фестивали ўтказилди. Унда турли халқларнинг миллий таомлари, санъати, урф-одатлари ва анъаналари намойиш этилди.
2004 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Таsanno” йиллар давомида ўзига хос анъанага айланган. Аввалига миллий таомлар намойиши сифатида бошланган тадбир бугун турли миллат вакилларини бир жойга тўплайдиган, маданиятларни яқинлаштирадиган ва халқ дипломатиясига хизмат қиладиган йирик тадбирлардан бирига айланиб бормоқда.
Бу йилги фестивалда миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ҳамда 10 дан ортиқ хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. Жумладан, Туркманистон, Фаластин, Индонезия, Ҳиндистон, Беларусь, Польша, Словакия, Озарбайжон, Жазоир, Покистон ва бошқа мамлакатлар ўз миллий маданияти ва таомларини намойиш қилди.
Фестиваль майдонида ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос муҳити сезилиб турди. Миллий таомлар, дастурхон безаги, миллий либослар, мусиқа ва рақслар турли халқларнинг маданияти ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда “Таsanno” фестивалининг 2004 йилдан буён босиб ўтган йўли ҳақида видеоролик ҳам намойиш этилди. Унда фестивалнинг илк кунлари, турли йилларда қатнашган мамлакатлар ва тадбирнинг халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришдаги ўрни акс эттирилди.
Шунингдек, фестиваль тарихи ҳақида фотокўргазма ташкил этилди. Унда турли йиллардаги тадбирлар, хорижий давлатлар элчихоналари ва элчиларининг ташрифлари, миллий маданий марказлар иштироки ҳамда фестиваль доирасидаги маданий тадбирлардан лавҳалар ўрин олди.
Албатта, фестивалнинг энг қизиқарли қисми — миллий таомлар кўргазмаси бўлди. Ҳар бир мамлакат ўзининг севимли ва машҳур таомларини тақдим этди. Таомнинг мазаси билан бирга, уни тайёрлаш анъанаси, дастурхоннинг безатилиши ва меҳмонга тортиқ қилиш маданияти ҳам баҳоланди.
Шу тариқа, оддий таом ортида турган катта тарих ва маданиятни кўриш мумкин бўлди. Чунки ҳар бир халқнинг миллий ошхонаси унинг турмуш тарзи, қадриятлари ва меҳмондўстлиги ҳақида кўп нарса айтади.
Миллий таомлар билан бир қаторда мусиқа ва рақслар ҳам фестивалга алоҳида файз бағишлади. Турли мамлакатлар санъаткорларининг миллий куй-қўшиқлари ва рақслари тадбирга янада кўтаринки кайфият олиб кирди.
Фестиваль якунида миллий таомлар бўйича баҳолаш натижалари эълон қилиниб, турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар тантанали равишда тақдирланди.
Н.Раҳмонова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА