Тарвузчилик даромад ва тараққиёт манбаига айланмоқда
Қашқадарё вилоятида кейинги йилларда қишлоқ хўжалигининг айрим йўналишлари нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда. Ана шундай самарали йўналишлардан бири тарвузчилик бўлиб, бугун у айрим ҳудудларда том маънода маҳаллалар иқтисодиётининг драйвери вазифасини бажармоқда.
Вилоятнинг Кўкдала туманидаги Ўтамайли ва Кўкдала ҳудудларида шаклланган тарвузчилик мактаби аллақачон ўз самарасини бериб улгурган. Эрта баҳордаёқ пишиб етиладиган маҳсулотнинг ташқи бозорларга чиқарилиши, деҳқонларга юқори даромад келтираётгани бошқа ҳудудлар учун ҳам ўзига хос тажриба вазифасини ўтамоқда. Бугун бу тажриба Косон туманидаги Рахимсўфи, Андабозор, Хўжақудуқ ва Яккасарой қишлоқларида ҳам муваффақиятли татбиқ этилмоқда.

Эътиборлиси, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур ҳудудлардан экспорт қилинган тарвуз маҳсулотлари ҳажми 1 миллион АҚШ долларидан ошди. Бу эса маҳаллий деҳқонларнинг меҳнати халқаро бозорларда ҳам муносиб баҳоланаётганини кўрсатади.

Яқин-яқинларгача мазкур ҳудудлардаги аҳолининг асосий машғулоти чорвачилик эди. Лалми ерлар, сув танқислиги ва иқлим шароити деҳқончилик имкониятларини чеклаб қўярди. Кўпчилик учун ердан самарали фойдаланиш ҳақидаги тасаввур ҳам унчалик кенг эмасди.

Бироқ ташаббускор инсонлар учун имконият ҳар қандай шароитда ҳам топилади. Кўкдала тажрибасини ўрганган рахимсўфилик деҳқонлар ер ости сувларидан унумли фойдаланиш йўлини танлади. 150-170 метр чуқурликкача қудуқлар қазилиб, насослар ўрнатилди. Натижада йиллар давомида қаровсиз ётган ерлар ҳосилдор майдонларга айланди.

Рахимсўфи қишлоғидаги илғор деҳқонлардан бири Жаҳонгир Бойматов бугун тарвузчилик орқали катта натижаларга эришган инсонлар сафида. У дастлаб 50-60 сотих ерда синов тариқасида тарвуз экиб кўрган бўлса, бугунги кунда 5 гектар майдонда маҳсулот етиштирмоқда.
– Тарвузчилик билан қарийб ўн уч йилдан буён шуғулланамиз, – дейди деҳқон. – Кўчатларни январь ойида стаканларда тайёрлаймиз, март бошларида эса плёнка остига экиш ишларини бошлаймиз. Май ойининг охирларига келиб дастлабки ҳосилни йиғиб оламиз. Бу йил 200 тонна атрофида ҳосил кутяпмиз.

Унинг айтишича, юқори ҳосилдорликка эришиш учун агротехник талабларга қатъий амал қилинади. Хусусан, бир майдонга кетма-кет тарвуз экишдан воз кечилиб, алмашилиб экиш усули қўлланилади. Бу эса тупроқ унумдорлигини сақлаш ва касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, тарвузчиликда замонавий ресурс тежовчи технологиялар кенг жорий қилинмоқда. Қудуқ насослари учун зарур электр энергияси қуёш панеллари орқали таъминланса, сув танқислигининг олдини олиш мақсадида томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланилмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш билан бирга экологик барқарорликни ҳам таъминламоқда.
Маҳаллий мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу қишлоқларда яшовчи деярли ҳар бир оиланинг камида 50-60 сотихдан тарвуз майдони мавжуд. Тайёр маҳсулотни сотиш борасида ҳам муаммо йўқ. Харидорлар маҳсулотни даланинг ўзига келиб қабул қилиб олмоқда. Бу эса деҳқоннинг вақт ва харажатини тежашга хизмат қилмоқда.
Экспортбоп маҳсулот етиштиришда сифат ва хавфсизлик масалалари алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг туман бўлими мутахассислари деҳқонлар билан мунтазам иш олиб бормоқда. Кўчат экишдан тортиб ҳосил йиғим-теримига қадар фитосанитар назорат ва амалий тавсиялар бериб борилмоқда.
Туман бўлими фитосанитар назорат инспектори Элдор Тўраевнинг маълум қилишича, Косон туманида тарвузчиликка бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда.
– Агар аввалги йилларда 4,5-5 минг гектар майдонда тарвуз етиштирилган бўлса, жорий мавсумда бу кўрсаткич 7 минг гектарга етди. Бугунги кунга қадар 1 миллион 100 минг АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди. Маҳсулотлар асосан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия ва Литва бозорларига етказиб берилмоқда. Бу йилги экспорт режамиз 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади, – дейди мутахассис.
Дарҳақиқат, тарвузчилик бугун нафақат бир қишлоқ хўжалиги тармоғи, балки аҳоли фаровонлигини таъминлаётган, янги иш ўринлари яратаётган ва экспорт салоҳиятини ошираётган муҳим иқтисодий омилга айланмоқда.
Бир вақтлар шамоллар уфуриб ётган, лалми ерлардан иборат бўлган Рахимсўфи атрофидаги кенгликлар бугун ям-яшил майдонларга айланган. Бу манзара замирида эса инсоннинг меҳнати, изланиши ва тадбиркорлик руҳи мужассам. Энг муҳими, ушбу тажриба қишлоқ аҳолиси учун ердан самарали фойдаланиш орқали муносиб даромад топиш мумкинлигини амалда исботлаб бермоқда.
Тарвузчиликдан келаётган даромад эса бугун нафақат айрим хонадонлар, балки бутун маҳаллалар тараққиётининг муҳим таянчига айланиб бормоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА