Тарихий хотира — миллатнинг маънавий таянчи
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган “Бурч, жасорат, матонат!” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир халқимизнинг кўп асрлик жасорат ва фидойилик анъаналарини улуғлаш, Ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасини эъзозлаш, шунингдек, бугунги авлод қалбида ватанпарварлик, садоқат ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда Хотира ва қадрлаш кунининг мазмун-моҳияти, унинг миллий тафаккуримиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди.
[gallery-29281]
Тарихий хотира — миллатнинг маънавий таянчи экани, аждодлар жасорати ва матонати бугунги тинч ҳаётимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, адабиёт ва санъат намояндалари зиммасига ана шу улуғ қадриятларни асраб-авайлаш, уни ёш авлод онгига сингдиришдек шарафли вазифа юклангани қайд этилди.
Тадбир давомида миллий адабиётимизда уруш ва тинчлик мавзуси, инсон жасорати масалалари қандай бадиий талқин этилгани хусусида сўз юритилди. Ижодкорларнинг асарларида акс этган ватанпарварлик руҳининг жамият тарбиясидаги ўрни ҳақида мулоҳаза билдирилди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ўз нутқида уруш йилларининг оғир синовлари, ўша давр инсонларининг сабр-тоқати ва матонати ҳақида гапириб, бундай тарихий ҳақиқатларни унутмаслик, уларни бадиий асарлар орқали келажак авлодга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Кеча давомида шеърлар, хотирага бағишланган бадиий чиқишлар ва самимий суҳбатлар иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Айниқса, ёш ижодкорлар ва талабалар учун бу учрашув катта маънавий мактаб вазифасини ўтади.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир иштирокчиларда тарихий хотирага ҳурмат, аждодлар жасоратига эҳтиром ва бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига етиш каби юксак фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтган ушбу учрашув миллий бирлик ва маънавий уйғунликни тараннум этувчи муҳим маданий воқеа сифатида ёдда қолди.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари