Тарихий мундиал: рақамлар ва қизиқарли фактлар
Бир неча кундан сўнг старт оладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати нафақат мусобақа формати, балки иштирокчилар сони ва қамрови жиҳатидан ҳам тарихдаги энг йирик мундиал сифатида қайд этилади. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган мусобақада илк бор 48 терма жамоа қатнашади. Улар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам борлиги мамлакатимиз футбол мухлислари учун алоҳида аҳамият касб этади.
ФИФА томонидан тасдиқланган жамоаларнинг якуний таркибларига кўра, жаҳон чемпионатида жами 1 минг 248 нафар футболчи иштирок этадиган бўлди. Бу мундиаллар тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Уларнинг 891 нафари учун мусобақа дебют бўлса, 357 нафар футболчи аввалги Жаҳон чемпионатларида ҳам қатнашган.
Кенгайтирилган формат туфайли Ўзбекистон, Кабо-Верде, Кюрасао, Иордания каби мамлакатлар илк бор Жаҳон чемпионати саҳнасига чиқиш имкониятини қўлга киритди. Айниқса, Ўзбекистоннинг мундиалга йўл олиши мамлакатда кўп йиллар давомида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ва ёшлар футболига қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.

ФИФА томонидан эълон қилинган расмий маълумотларда мамлакатимиз Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этаётган терма жамоалар қаторида экани алоҳида таъкидланган. Ўзбекистонлик ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни ҳам мундиалда ўзини намоён қилиши кутилаётган истиқболли футболчилардан бири сифатида эътироф этган.

“ЖЧ-2026” иштирокчилари орасида тарихий натижа қайд этадиган футболчилар ҳам бор. Хусусан, Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Гильермо Очоа ўз фаолиятларидаги олтинчи Жаҳон чемпионатида қатнашиб, бу борада жаҳон футболи тарихидаги илк рекордчиларга айланади.
Шу ўринда мусобақага оид айрим қизиқарли рақамларга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, турнирнинг энг ёши катта иштирокчиси 43 ёшли шотландиялик дарвозабон Крэйг Гордон бўлса, энг ёш футболчи сифатида 17 ёшли мексикалик ярим ҳимоячи Хильберто Мора қайд этилмоқда. Умуман олганда, Жаҳон чемпионати иштирокчилари орасида 20 ёшга тўлмаган 22 нафар ва 40 ёшдан ошган етти нафар футболчи бор.

Қизиқарли статистикалардан яна бири иштирокчиларнинг жисмоний кўрсаткичлари билан боғлиқ. Турнирнинг энг баланд бўйли футболчиси Австрия терма жамоаси дарвозабони Флориан Вигеле бўлиб, унинг бўйи 205 сантиметрни ташкил этади. Энг паст бўйли иштирокчи эса Панама терма жамоаси аъзоси Сесар Янис бўлиб, унинг бўйи 160 сантиметрга тенг.
ФИФА маълумотларига кўра, Жаҳон чемпионатида аввалги мундиалларда чемпионликни қўлга киритган 22 нафар футболчи ҳам майдонга тушади. Бу эса тажриба ва ёшлик, анъана ва янгиланиш уйғунлигини намоён этади.
104 та учрашувдан иборат мундиал нафақат футбол байрами, балки янги тарих битиладиган майдон ҳам бўлади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса ана шу тарихнинг ажралмас қисми сифатида ўзининг илк Жаҳон чемпионати саҳифасини очади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА