Тараққиёт моделининг ўзбекча ифодаси
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”
Саноқли кунлардан кейин Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги санаси кенг нишонланади. Ҳар йили ушбу сана инсонни фикр қилиш ва сарҳисобга ундайди. Бир қарашда 34 йил бу бир инсоннинг туғилиб вояга етиши ва айни кучга тўлган давридек қисқа муддат бўлиб кўринади.
Ўтган вақт давомида юртимизда барча соҳа ва тармоқларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қувонарлиси, ушбу ютуқларнинг барчасини сиз-у, биз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, ҳис қилиб яшаяпмиз. Хусусан, ижтимоий соҳа саналган аҳоли саломатлиги, таълим сифати, ижтимоий тенглик ва барқарорлик каби йўналишларда мустақиллик йилларида қатор муҳим ютуқлар қўлга киритилди.
Буни биргина сўнгги саккиз йилда эришилган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу даврда ижтимоий сиёсат давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида шаклланди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинаётган кенг қамровли дастур ва ислоҳотлар инсон қадрини эъзозлаш, унинг фаровон ҳаёт кечиришига замин яратишга қаратилган. Айниқса, камбағал оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар бу соҳадаги давлат сиёсатининг тизимли, кенг қамровли ва инклюзив хусусиятга эга эканини кўрсатади.
Қолаверса, бу йўналишда камбағалликни қисқартириш масаласи нафақат ижтимоий, балки иқтисодий барқарорликни таъминлашда ҳам ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида қатор комплекс чоралар амалга оширилмоқда.
Камбағал оилаларни иқтисодий-ижтимоий ҳолатига қараб уч тоифага ажратиш орқали манзилли ёрдам тизими йўлга қўйилди. Бугунги кунда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали 12 тоифадаги муҳтож инсонларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам турлари кўрсатилмоқда. Бунинг учун муассасаларда замонавий шароитлар яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, эҳтиёжни баҳолаш, хизматни белгилаш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари инсонларга қулай тарзда йўлга қўйилган.
Энг муҳими, эндиликда вазифа бир марта ёрдам билан тугамайди. Ижтимоий хизматдан фойдаланувчининг кейинги ҳолати, ўзини ўнглаши ҳам мониторинг қилиб борилади. Мазкур барча жараёнлар рақамлаштирилган ва дахлдор ташкилотлар билан боғланган.
Шунингдек, “Камбағал оилалар реестри” яратилиши ва қонун даражасида расмийлаштирилиши тизимнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлайди. Қолаверса, ҳар бир камбағал оила учун индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилиб, меҳнат бозорида фаол бўлиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу орқали нафақат ижтимоий ҳимоя, балки инсонни камбағалликдан чиқаришга қаратилган устувор ва барқарор ёндашув шакллантириляпти.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар негизида таълим тизми муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ёш авлоднинг таълим олиши, ривожланиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун тенг имкониятларни яратиш камбағаллик авлоддан-авлодга ўтишининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу боис, камбағал оила фарзандлари мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод этилди. Аъло баҳога ўқийдиган болалар учун бепул оромгоҳлар, дам олиш масканлари ташкил этилиб, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган аълочи талаба-қизларга базавий стипендиянинг икки баравари миқдорида махсус стипендия берилиши жорий қилинди. Бу орқали таълимга қизиқишни ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва келажакда билимли мутахассисларни етиштириш учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.
Сир эмас, мустақиллик йилларида ижтимоий соҳадаги яна бир муҳим йўналиш ногиронлиги бўлган фуқаролар учун инклюзив жамият барпо этиш ҳам давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бирига айланди. Уларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида бундай фуқароларни ишга олган енгил саноат корхоналари учун солиқ имтиёзлари, ижтимоий солиқнинг пасайтирилиши, субсидиялар ажратиш каби шароитлар яратилган.
Хусусан, электрон савдо майдончаси орқали ногиронлиги бор шахслар маҳсулотларини харид қилиш ҳажми оширилди, бу уларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантиради. Техникумларда инклюзив таълим гуруҳлари ташкил қилиниши эса уларнинг замонавий касбларга эга бўлишига хизмат қилади. Шу билан бирга, бундай фуқароларнинг ҳуқуқий ва психологик жиҳатдан ҳимоя қилинишига ҳам давлат сиёсатининг бир қисми сифатида қаралмоқда.
Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар учун жорий этилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури бугунги куннинг долзарб ижтимоий ташаббусларидан биридир. Уйда ёрдам кўрсатиш, кундузги қараш марказлари, тиббий-ижтимоий хизматлар, реабилитация ишлари, турмуш шароитига мослаштириш ва ҳоказо. Мутахассислар томонидан парвариш, овқат тайёрлаш, дори-дармон қабулини назорат қилиш, юриш-қадамни тиклашга қаратилган хизматлар ташкил этилган. Бу хизматлар нафақат ижтимоий адолатни таъминлаш, балки бундай фуқароларнинг ҳаётга қайтиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар сабаб Ўзбекистон бутун дунё учун ижтимоий давлат концепциясининг амалдаги ёрқин ифодасига айланди. Камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бор инсонлар учун инклюзив муҳит яратиш, ижтимоий хизматларни кенгайтириш каби ташаббуслар инсон қадрини улуғлаш, барчани қамраб олган тараққиёт моделини яратишга қаратилган муҳим ҳаракатдир. Бу орқали юртимизда барча қатлам фуқароларининг ҳаёти сифат жиҳатдан ўзгариб, “ҳеч ким эътибордан четда қолмайдиган жамият”га асос солинмоқда.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА