Тақдирлар чорраҳасида: Ўзбек заминидаги финлар
Тарих саҳифаларида баъзан бир қарашда ўзаро боғлиқлиги йўқдек туюлган халқлар ва маконларнинг тақдири ғаройиб тарзда туташади. Шимолий Европанинг совуқ ўлкаларидан бўлган, ўзини “суомалайсет” деб атовчи финлар ва қуёшли Ўзбекистон замини ўртасидаги ришталар ҳам ана шундай кутилмаган тарихий бурилишлар асосига қурилган.
Бу муносабатлар шунчаки инсонларнинг кўчиб ўтиши ёки савдо алоқалари билан чекланиб қолмаган. Ушбу жараён замирида буюк аждодларимизнинг қадимги давлатчилиги ва ёзув маданиятини дунёга танитишга хизмат қилган илмий кашфиётлар ҳам ётибди. Тарихий манбаларга назар ташласак, XIX аср охирларида Туркистон ўлкасида фин миллатига мансуб вакиллар бармоқ билан санарли даражада кам бўлган. Ўша даврдаги Россия империяси ҳудудида финлар асосан ғарбий чегараларда истиқомат қилган бўлса-да, тақдир тақозоси билан уларнинг айрим вакиллари Осиёнинг қоқ марказига келиб қолган эди.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, 1871 йилда Тошкент шаҳрида ҳарбий хизматчилардан ташқари, атиги тўққиз нафар фин миллатига мансуб фуқаро яшаган. Улар асосан кичик тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган тинч аҳоли вакиллари эди. ХХ аср бошларига келиб эса Тошкентга Виборгдан махсус таклиф билан нонвойларнинг чақирилгани диққатга сазовордир. Улар тайёрлаган машҳур калава нон (калач)лар ўша давр шаҳар бозорларида ўз харидорларини топган. Аммо финларнинг Ўзбекистон тарихидаги энг муҳим ўрни уларнинг сони ёки касб-кори билан эмас, балки амалга оширган илмий хизматлари билан ўлчанади. Гап шундаки, айнан фин тадқиқотчиларининг саъй-ҳаракатлари туфайли туркий халқларнинг қадимги ёзма ёдгорлик намуналари фан оламига маълум бўлди.
Ушбу тарихий воқеа 1896–1897 йилларда содир бўлди. Туркистон археология ҳаваскорлари тўгарагининг фаол аъзоси, асли фин миллатига мансуб Василий Каллаур маҳаллий аҳоли ёрдамида Талас водийсидан ғаройиб тошларни топишга муваффақ бўлади. Бу тошлардаги сирли белгилар ўша пайтда кўпчиликни ҳайратга солган эди. Топилма ҳақидаги хабар тез орада Европа илмий жамоатчилигига етиб борди ва катта қизиқиш уйғотди. Фин-угор жамияти олимлари дастлаб бу ёзувларни ўз аждодларига тегишли бўлса керак, деган тахминга борган эдилар. Шу мақсадда, 1898 йилнинг баҳорида Таласга махсус илмий гуруҳ сафарбар этилди. Унинг таркибида фалсафа магистри Г.И.Гейкель, барон Муик ва таниқли профессор О.Доннер каби етук мутахассислар бор эди.
Скандинавиялик олимларнинг изланишлари зое кетмади ва улар яна иккита руний битикли тошни аниқлашга эришдилар. Улардан бири 1899 йилда чуқур ўрганиш учун Гельсингфорс (ҳозирги Хельсинки) шаҳрига олиб кетилди. Тадқиқотлар натижаси кутилмаган ва оламшумул янгилик бўлди. Олимлар тошдаги битикларни ўқишга муваффақ бўлгач, улар финларга эмас, балки қадимги туркларга тегишли эканини билдирдилар. Бу кашфиёт тарихий ҳақиқатни тиклашда муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки ушбу топилмалар қадимги туркий халқлар ёзув маданияти тарихида янги саҳифа очди. Таниқли шарқшунос С.Г.Кляшторный кейинчалик бу ёдгорликларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг VIII аср ўрталарига оид эканини ва палеографик жиҳатдан мукаммал бир тизимга эгалигини таъкидлади.
Тарих чархи айланиб, ХХ асрнинг 30-йилларига келганда, финларнинг Ўзбекистонга келиши бошқача, анча аянчли тус олди. “Ўзбекистоннинг этник атласи” китобида ёзилишича, 1935 йилнинг апрель ойида собиқ СССРнинг шимолий чегараларидан “хавфсизликка таҳдид” деган сохта айблов билан 700 га яқин фин оиласи, жами уч мингга яқин инсон мажбурий равишда депортация қилинди. Уларнинг аксарияти Тошкент вилояти ҳудудига жойлаштирилди. Ватан жудолиги ва сургун азобини бошидан кечирган бу инсонлар учун Ўзбекистон иккинчи уйга айланди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда сургун қилинганларга нисбатан қўйилган чекловларнинг олиб ташланиши вазиятни бироз юмшатди. Кўплаб фин ёшлари Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлдилар. Улар маҳаллий аҳоли билан дўстона муносабатда яшаб, жамият ҳаётига фаол аралашиб кетдилар. Йиллар ўтиб, 1990-йиллардаги ўзгаришлар даврида уларнинг катта қисми тарихий ватани бўлмиш Финляндияга қайтди. Тошкент ва Бухоро вилоятларида истиқомат қилаётган оз сонли фин вакиллари ўша тарихий жараёнларнинг жонли гувоҳларидир.
Хулоса ўрнида айтганда, фин сайёҳлари ва олимларининг ўзбек заминига қилган сафарлари шунчаки тасодиф эмас эди. Уларнинг энг катта хизмати – тупроқ остида ётган тарихий ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳисса қўшганларидир. Аждодларимиз қолдирган тошбитикларнинг шимоллик олимлар томонидан топилиши ва ўқилиши, бизга ўз ўтмишимиз нақадар бой ва қадимий эканини яна бир бор эслатади. Бу воқеалар силсиласи илм-фан ва маърифат чегара билмаслигини, миллат танламаслигини кўрсатувчи сабоқдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА