Танзила Норбоева: Халқ манфаатларини ҳимоя қилишда парламентнинг амалий роли кучаймоқда
Сенат ялпи мажлисида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча соҳа ва тармоқларда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, инсон қадрини таъминлаш, фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этаётгани алоҳида таъкидланди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимиз барқарор тараққиёт йўлидан ишонч билан одимлаб бораётгани, иқтисодий ўсиш суръатлари ва халқаро майдондаги нуфузи изчил юксалаётганини қайд этди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодиётнинг 8,5 фоизга ўсиши, шунингдек, нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бир поғонага оширилгани амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир.
– Биринчи ярим йиллик якунлари ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокамасида Президентимиз бугунги мураккаб глобал шароитда 40 миллионлик халқимиз ҳаёт сифатини янада юксалтириш учун иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш, ҳар бир раҳбар ва мутасаддидан юксак масъулият, ташаббускорлик талаб этилишини алоҳида таъкидлади, – деди Т.Норбоева. – Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ўтган олти ой Сенат учун ҳам сермаҳсул ва масъулиятли давр бўлди.
Ушбу даврда қонунчилик фаолияти доирасида шахс, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга қаратилган 40 та қонун кўриб чиқилди. Конституциявий ваколатлардан келиб чиққан ҳолда 11 та қонунчилик ташаббуси илгари сурилди. Парламент назорати доирасида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига оид 60 дан ортиқ назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди. Уларнинг қарийб 40 таси ҳудудларда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда ташкил этилгани жойлардаги муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг амалий ечимларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Жумладан, Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари ижросининг Сенат кенгашининг сайёр мажлисида муҳокама қилиниши ҳудуддаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни манзилли ҳал этишга хизмат қилди.
Ялпи мажлисларда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳамда ахборотлари эшитилиб, соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Қурилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ипакчилик соҳалари бўйича юборилган парламент сўровлари давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва мазкур соҳалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Инфратузилмани ривожлантириш, доривор ўсимликлар етиштиришни тартибга солиш ва алимент муносабатларига оид парламент сўровлари натижаларининг танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиши тегишли соҳаларда аниқ амалий чора-тадбирлар қабул қилинишига туртки бўлди.
Сенаторларнинг жойларда аҳолини қийнаётган долзарб муаммоларни бевосита Сенат минбарига олиб чиқаётгани парламентнинг халқ манфаатларини ҳимоя қилишдаги амалий ролини янада кучайтирмоқда. Хусусан, биринчи ярим йилликда юборилган 54 та сенатор сўрови кўплаб масалаларнинг тезкор ва самарали ҳал этилишига хизмат қилди.

Фуқаролар билан очиқ мулоқот Сенат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳисобот даврида Сенатга 7,8 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди, 1,3 минг нафардан зиёд фуқаро сенаторлар томонидан шахсан қабул қилинди. Мурожаатларнинг аксарияти назоратга олиниб, мингдан ортиғи ижобий ҳал этилди.
Сенат ташаббуси билан маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонуннинг қабул қилиниши ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Халқаро парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, 13 хорижий давлат парламентлари билан янги дўстлик гуруҳлари ташкил этилди, мамлакатимизда нуфузли парламент форумлари ўтказилди, 100 дан ортиқ учрашув ва расмий ташрифлар амалга оширилди. Бу эса Ўзбекистон парламентининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва парламент дипломатиясининг самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Сенат Раиси йил якунига қадар қонун ижодкорлиги ва ташаббускорлигини фаоллаштириш, парламент назорати таъсирчанлигини ошириш, барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳаллий кенгашларни қўллаб-қувватлаш каби қатор устувор йўналишларда янада аниқ ва самарали натижаларга эришилишини алоҳида таъкидлади.
Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА