Таълимда янги диагностика тизими синовдан ўтказилди
Бола қайси соҳада кучли? Унинг фикрлаш қобилиятини, ижодкорлигини, қизиқишларини қандай аниқлаш мумкин?
Аслида ҳар бир бола алоҳида қобилиятга эга. Аммо унинг нималарга қодирлиги ўз вақтида аниқланмаса, қанча яширин иқтидор кашф этилмай қолиб кетиши мумкин. Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан айнан шу мақсадга қаратилган янги диагностика тизими ишлаб чиқилди.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов иштирокида ўтказилган брифингда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Янги диагностика тизими болаларнинг фикрлаш, ижодкорлик, тил ўрганиш ва мулоқот қилиш қобилиятларини эрта аниқлашга мўлжалланган. Сентябрь ойида Тошкент шаҳридаги учта мактаб ва учта боғчада синовдан ўтказилган тизим натижаларини таҳлил қилиш ҳамда кузатиб бориш учун электрон платформа ҳам ишга туширилди. Бундай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, боланинг қобилиятини эрта пайқаш унинг таълим олиш жараёнини индивидуал эҳтиёжларига мослаштиришга ёрдам бериши мумкин. Бироқ, бунинг учун диагностика натижалари шунчаки кўрсаткич сифатида қолиб кетмасдан, ўқитувчи ва ота-оналар учун амалий тавсияларга айланиши муҳим.
Марказ томонидан PIRLS–2026 халқаро тадқиқотининг асосий синов босқичи ҳам ташкил этилди. У республиканинг 14 та ҳудудидаги 164 та мактабда ўтказилди. Таълим мазмунини такомиллаштириш доирасида математика, табиий фанлар, кимё, информатика ва мусиқа фанлари бўйича давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари лойиҳалари тайёрланди. Шунингдек, 110 та дарслик ва 18 та ўқув-методик мажмуа экспертизадан ўтказилди. Бу ишлар таълим мазмунини янгилашга қаратилган. Эндиликда муҳим жиҳат — янги стандартлар ва дарсликлар ўқувчиларнинг билим олиши, мустақил фикрлаши ҳамда олган билимларини амалиётда қўллаш қобилиятида қандай натижа беришидир.

Қайд этилишича, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида ўтказилган “Методик марафон” тадбирларига 343 минг нафардан ортиқ педагог жалб этилди. Улар учун 4 минг 600 дан ортиқ маҳорат дарслари ташкил қилинди.
Таълимни рақамлаштириш йўналишида эса 25 та қуйи платформани қамраб олган 10 мингдан ортиқ таълим ресурси ва мультимедиа воситаларидан иборат контент яратилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА