Таълимда рақамли ёндашувлар сари муҳим қадам
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “INFOTEACH – 2026” лойиҳаси доирасида Республика форуми бўлиб ўтди.
Форумда таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган 300 нафардан ортиқ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, таълим жараёнида рақамли технологияларни самарали қўллаш, ўқитиш сифатини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Форумда тажрибали менторлар томонидан информатика дарсларида замонавий рақамли платформалардан фойдаланиш, дастурлашнинг замонавий усуллари ва Python асослари, киберхавфсизлик ҳамда рақамли масъулият каби мавзулар атрофлича ёритилди.

Шунингдек, лойиҳа асосида ўқитиш (PBL) методикасига бағишланган машғулотлар ташкил этилди. Унда ўқувчиларнинг мустақил фикрлашини ривожлантириш, жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва амалий лойиҳалар орқали билим бериш усуллари ҳақида сўз юритилди.

Тадбир доирасида соҳа мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Ушбу машғулотлар орқали ўқитувчилар янги билим ва амалий тажрибаларга эга бўлди.

Форум якунида бир гуруҳ фаол ўқитувчиларга сертификат ва ташаккурномалар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири