Таълим тизимида матбуот хизматлари фаолияти тубдан ўзгаради
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова вазирлик тизимидаги ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари ҳамда Педагогик маҳорат марказлари матбуот котиблари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида таълим тизимидаги матбуот хизматлари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш, жамоатчилик билан мулоқот самарадорлигини ошириш ва ахборот сиёсатида янги ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир бугунги глобаллашув шароитида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига содда, тушунарли ва таъсирчан тарзда етказиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарлар ва муаммоларга тезкор, холис ҳамда асосли муносабат билдириш ахборот хизматлари олдида турган устувор вазифалардан бири эканини қайд этди.

Тадбир якунида матбуот котиблари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9–10 июнь кунлари “Замонавий матбуот хизмати: стратегик коммуникациялар ва рақамли контент” мавзусида ўқув-тренинглари ташкил этилмоқда. Унда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, Педагогик маҳорат марказлари ҳамда тизим ташкилотлари матбуот котиблари иштирок этмоқда.

Ўқув-тренинглар Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти базасида ташкил этилган бўлиб, улар ахборот соҳасидаги мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА