Таълим тизим: “Андижон тажрибаси” билан танишув
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарларидан иборат делегация Андижон вилоятида бўлиб, таълим тизимида йўлга қўйилган “Андижон тажрибаси” билан яқиндан танишди.
Меҳмонлар дастлаб Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида бўлишди. Бу ерда Андижон вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров томонидан тизимда амалга оширилаётган ишлар, амалга оширилаётган янги ташаббуслар бўйича тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда болаларда боғча ёшиданоқ касбий кўникмаларни шакллантириш, “Дуал таълим” асосида олий таълим муассасалари талабаларини таълим ташкилотларига бириктириш ҳамда “Келажак меники!” лойиҳаси орқали 7–11 синф ўқувчиларининг қизиқишлари ва келажакдаги режаларини аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
[gallery-31838]
Шундан сўнг мазкур мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ташкил этилган “Мономарказ” фаолияти билан танишилди.
Ташрифнинг кейинги манзили Андижон шаҳридаги 41-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда болаларда кичик ёшдан бошлаб касбий кўникмаларни шакллантириш бўйича олиб борилаётган амалий машғулотлар намойиш этилди.
Меҳмонлар “Андижон-Ҳуаня” халқаро техникумида дуал таълим асосида ташкил этилган ўқув ва амалий машғулотлар жараёнини ҳам кўздан кечирди.
Бугунги кунда вилоятда боғча ёшидаги болаларни бошланғич таълимга қамраш, тарбияланувчиларда касбий кўникмаларни шакллантириш, умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Айни кунда Андижон вилоятида 1 та президент, 18 та ижод ва ихтисослаштирилган, 762 та умумий ҳамда 50 та нодавлат, жами 831 та мактаб, шунингдек, 558 та давлат, 15 та хусусий, 259 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 3 минг 215 та оилавий, жами 4 минг 47 та боғча фаолият олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.