Таълим олиш учун муҳим имконият
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Янги Ўзбекистонда ёшларга сифатли таълим бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Миллий гвардия тизимида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, ҳарбий кадрларни тайёрлашнинг самарали тизими йўлга қўйилган. Хусусан, “Жасорат” мактаблари, Ҳарбий мусиқа академик лицейи, Тошкент “Темурбеклар мактаби”, Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда ихтисослаштирилган ўқув марказлари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, ҳарбий хизматчилар фарзандларига давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилмоқда.

Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида мазкур тадбирнинг навбатдагиси бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматов иштирок этиб, гвардиячилар фарзандларига тавсияномаларни топширди. Тадбирда бу имтиёз давлатимиз раҳбари томонидан ҳарбийларга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси экани таъкидланди.
Тадбир давомида тавсиянома соҳиблари ўз миннатдорлигини билдириб, келгусида Ватан равнақи учун муносиб кадр бўлишга интилишларини айтди.
— Бугун бизга яратилаётган имкониятлар ёшлар учун катта ишонч ва мотивация беради. Бу тавсиянома орқали келажакда яхши мутахассис бўлиб, Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишни мақсад қилганман,— дейди Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси Ҳусан Раҳимбоев.
Маълум қилинишича, шу кунга қадар гвардиячиларнинг 4 минг нафардан ортиқ фарзандлари мазкур имтиёз орқали олий таълим муассасалари талабасига айланган. 2026 йилда эса 260 нафардан ортиқ ёшларга тавсияномалар топширилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА