Таълим муассасаларида “Мустақиллик соатлари” ташкил этилади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик соатлари”ни юқори савияда ташкил этишга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маърифат тарғиботчилар жамияти ҳамда Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинарда таъкидланганидек, мустақиллик ҳар бир халқ ва давлатнинг энг олий қадрияти бўлиб, тинчлик ва барқарор тараққиётнинг мустаҳкам асоси ҳисобланади. Бугунги глобаллашув, мафкуравий таҳдидлар ва мураккаб геосиёсий жараёнлар кучайиб бораётган шароитда мустақиллик ва тинчликнинг қадрини англаш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга безавол етказиш муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
[gallery-29441]
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбаринг 2026 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида таълим муассасаларида ташкил этиладиган “Мустақиллик соатлари” ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ғурур ва фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Семинар иштирокчилари “Мустақиллик соатлари”ни мазмунан бой, таъсирчан ва ҳаётий руҳда ташкил этиш юзасидан фикр алмашди. Машғулотларда интерактив усуллар, инновацион педагогик ёндашувлар, мультимедиа воситалари ва замонавий коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, “Мустақиллик соатлари” шунчаки анъанавий тарбиявий машғулот эмас, балки ўқувчиларни мустақил фикрлашга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундайдиган жонли маънавий-маърифий мулоқот майдонига айланиши лозим.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Zoom платформаси орқали масофавий иштирок этди.
Семинар давомида “Мустақиллик соатлари”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди, тажриба алмашилди.
Камола Юсупова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА