Таълим инфратузилмасига йирик сармоя: 200 та мактаб янгиланади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида Осиё инфратузилма инвестициялари банки (AIIB) миссияси вакиллари билан муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда вазир ўринбосари Темур Комилов, вазирлик масъул ходимлари ҳамда халқаро молия институти делегацияси иштирок этди.
Учрашув давомида давлат мактаблари инфратузилмасини кенгайтириш ва замонавийлаштиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳасининг бугунги ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳани амалга ошириш босқичлари ва устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашди.
Маълумотларга кўра, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Унга мувофиқ, 2027–2032 йиллар давомида республика ҳудудларидаги 200 та мактабда янги ўқув биноларини қуриш режалаштирилган.

Ушбу ташаббус доирасида 94 мингта янги ўқув ўрни яратилади, мавжуд мактаблар реконструкция қилинади, таълим муассасалари замонавий жиҳозлар билан таъминланади.
Шунингдек, учрашувда лойиҳа олди тайёргарлик жараёнлари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Хусусан, атроф-муҳит ва ижтимоий таъсирни баҳолаш (ESIA), муҳандислик дизайнини ишлаб чиқиш, самарали бошқарув механизмларини жорий этиш ҳамда тендер жараёнларини шаффоф ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа таълим сифати ва қамровини ошириш, шунингдек, замонавий ва қулай ўқув муҳитини яратишда муҳим қадам бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА