Таълим дипломатияси минтақа тараққиётига хизмат қилади
Бишкек шаҳрида ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг фан, техника ва инновациялар масалаларига бағишланган юқори даражадаги учрашувлари доирасида Ўзбекистон учун муҳим мулоқотлар бўлиб ўтди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қозоғистон Республикаси фан ва олий таълим вице-вазири Гулзат Кобенова ҳамда Қирғиз Республикаси фан, олий таълим ва инновациялар вазири Гулзат Исматова билан учрашиб, минтақавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Қозоғистон томони билан бўлиб ўтган музокараларда қўшма илмий танловларни ташкил этиш, ёш олимлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасида олий таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар бу ташаббуслар академик мобилликни кенгайтириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.
Қирғиз Республикаси делегацияси билан учрашувда эса икки давлат ўртасидаги олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ўртасида 90 дан ортиқ меморандум ва келишув имзолангани, профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳамда қўшма илмий лойиҳалар изчил ривожланаётгани қайд этилди.
Учрашувда “Бўлажак муҳандислар” фестивалини қўшма форматда ўтказиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тадқиқотларни кенгайтириш, “Study in Uzbekistan” таълим кўргазмасини Қирғизистонда ташкил этиш каби таклифлар ҳам илгари сурилди. Шунингдек, муҳандислик, IT, сунъий интеллект, энергетика ва табиий фанлар йўналишларида қўшма ёзги ва қишки мактабларни йўлга қўйиш ташаббуси билдирилди.
Мулоқотлар якунида Марказий Осиёда олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ўзаро ишонч ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА