Талабалар спорти – улкан муваффақиятлар сари
Янги ўқув йили бошланиши билан юртимиз олий таълим муассасаларида талабаларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мусобақа ва оммавий спорт тадбирлари янада фаоллашди.
Ўзбекистонда талаба-ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси ҳамда олий таълим ташкилотларидаги спорт клублари томонидан янги ўқув йилида қатор мусобақалар ва оммавий спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Янги ўқув йилининг дастлабки кунлариданоқ олий таълим ташкилотларида талаба-ёшларни спорт ҳаётига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. «Талабаликка бағишлов» ва «Долзарб 90 кун» тадбирлари доирасида турли спорт мусобақалари ташкил этилиб, айниқса, олий таълим муассасаларига эндиликда қабул қилинган биринчи босқич талабаларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароит яратиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ҳусусан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Кимё-металлургия факультетида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 20 сентябрь — Халқаро университет спорти куни муносабати билан мини-футбол, стол тенниси, волейбол ва тош кўтариш спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Самарқанд давлат педагогика институтида эса «Ёшлар куни» муносабати билан Амалий фанлар ва жисмоний маданият факультетининг биринчи босқич талабалари ўртасида стол тенниси ва волейбол бўйича беллашувлар ўтказилди. Мусобақаларда ёшлар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий маҳоратини намойиш этиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Бугунги кунда республикадаги олий таълим ташкилотларининг спорт клублари фаолиятида талаба-ёшларни мунтазам спорт машғулотларига жалб этиш муҳим йўналишлардан бирига айланган. Ҳар ҳафта пайшанба куни ўтказиладиган «Ёшлар куни» доирасида олий таълим муассасаларининг спорт клублари томонидан турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талабалар ўртасида «Мустақиллик кубоги» спорт мусобақалари ҳам ўтказилмоқда.
Янги ўқув йилини бошлаган талабаларни олий таълим муассасаларининг спорт ҳаёти билан таништиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Жумладан, Самарқанд давлат чет тиллар институтида биринчи босқич талабалари учун факультетлар кесимида таништирув учрашувлари ташкил этилди.

Учрашувларда Спорт клубининг асосий фаолият йўналишлари, институтда фаолият юритаётган спорт тўгараклари, машғулотлар ва турли мусобақалар ҳақида маълумот берилди. Талабаларга ўз қизиқишларига мос спорт турларини танлаш ҳамда институтнинг спорт ҳаётида фаол иштирок этиш бўйича тавсиялар берилди.
Талаба-спортчилар халқаро майдонда
Талаба-спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги ютуқлари ҳам эътиборга молик.
Владивосток шаҳрида 3–4 сентябрь кунлари бўлиб ўтган V халқаро Владивосток регатасида Гулистон давлат педагогика институти жисмоний маданият йўналиши талабаси, институт Спорт клуби аъзоси Басимахон Сатторова муваффақиятли иштирок этди.
Россия, Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан спортчилар қатнашган мусобақанинг гребли-индор йўналишида Басимахон Сатторова аёллар ўртасида 2000 метр масофага эшкак эшиш баҳсида биринчи ўринни эгаллади. Спортчимиз мазкур масофани 7 дақиқа 23,9 сонияда босиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Шаҳрисабз давлат педагогика институти Ижтимоий фанлар факультети жисмоний маданият йўналиши иккинчи босқич талабаси Исаев Саидаслиддинхон Ислом ўғли ҳам халқаро мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
У Арманистон Республикаси пойтахти Ереван шаҳрида 16–19 июль кунлари каратэ бўйича ўтказилган халқаро турнирда барча рақибларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади ва халқаро турнир чемпиони бўлди.
Оммавий спорт тадбирлари қамрови кенгаймоқда
Талаба-ёшларнинг оммавий спорт тадбирларидаги фаоллиги ҳам тобора ортиб бормоқда.
Нукус шаҳрида талаба-ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида 3 километр масофага мўлжалланган «Silk Road Uzbekistan» ва «Талаба югур» оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда спортсевар ёшлар фаол қатнашган марафонда 4 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди.
6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган Тошкент халқаро ярим марафони ҳам талаба-ёшлар иштироки билан ажралиб турди. Нуфузли спорт тадбирида олий таълим ташкилотларидан 1 минг 636 нафар талаба иштирок этди.

Мусобақа доирасида бешта старт ташкил этилиб, уларда қарийб 24,5 минг нафар иштирокчи қатнашди.
Оммавий югуриш ҳаракати кузги мавсумда ҳам давом этмоқда. Республиканинг 16 та шаҳрида ўтказилиши белгиланган мусобақаларда талабалар, олий таълим ташкилотлари ходимлари, уюшмаган ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда барча югуриш ишқибозларининг иштироки кўзда тутилган.
Айни пайтда 20 сентябрь — Халқаро университет спорти куни муносабати билан республикамиз олий таълим ташкилотларида қатор спорт тадбирларини ташкил этиш ишлари давом этмоқда.
Аҳолини оммавий спортга жалб қилиш тизимини кенгайтириш бўйича Республика штаби навбатдаги йиғилишида ҳам «Беш ташаббус олимпиадаси» ва «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси» спорт мусобақаларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда жойларда спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш, ёшлар қамровини кенгайтириш ҳамда олий ва профессионал таълим муассасалари талаба ҳамда ўқувчиларининг оммавий спортдаги иштирокини ошириш билан боғлиқ вазифалар белгиланди.
Халқаро ҳамкорлик янги босқичда
Ўзбекистон талабалар спортини халқаро миқёсда ривожлантириш ва бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида ҳам муҳим тадбирлар олдинда турибди.
Хусусан, 2026 йил 29 сентябрдан 2 октябргача Халқаро университет спорти федерацияси — FISU президенти Леонз Эдернинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган.
Ташриф давомида Ўзбекистонда шаклланаётган талабалар спортини ривожлантириш модели, унинг ташкилий механизмлари ва амалий натижалари ўрганилиб, мазкур тажрибани Марказий Осиё давлатларида жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинади.
Ташриф доирасида I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми ўтказилиши ҳам белгиланган. Унда минтақада талабалар спортини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, FISU президенти талабалар ўртасида ўтказиладиган «Беш ташаббус» олимпиадаси спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этади.
Бугунги кунда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси томонидан навбатдаги йирик спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этишга тайёргарлик ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Жумладан, «Баркамол авлод — 2027» спорт мусобақаларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада мусобақаларнинг ташкилий жараёнларини пухта йўлга қўйиш, иштирокчилар қамровини кенгайтириш ва беллашувларни юқори савияда ташкил этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий таълим ташкилотларидаги спорт клублари фаолиятини янада такомиллаштириш, талабаларни мунтазам спорт машғулотларига кенг жалб этиш, оммавий спорт мусобақаларини кўпайтириш ва иқтидорли талаба-спортчиларни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам устувор вазифалардан бўлиб қолади.
Янги ўқув йилининг дастлабки кунлариданоқ бошланган мусобақалар, халқаро майдонларда муносиб натижалар қайд этаётган талаба-спортчилар, оммавий югуриш тадбирларидаги кенг иштирок ҳамда йирик спорт мусобақаларига изчил тайёргарлик мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантириш ишлари янги босқичда давом этаётганини кўрсатмоқда. Бундан кейинги вазифа эса бу жараёнларни янада кенгайтириш, спорт билан мунтазам шуғулланувчи талабалар сафини кўпайтириш ва иқтидорли ёшларнинг халқаро майдонлардаги иштирокини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА