Талабалар сиёсатдан баҳслашди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнирини ўтказди.
Унда Термиз давлат университетининг “Демократлар” ва “Дипломатлар”, Термиз давлат педагогика институтининг “Маърифат гулшани”, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг “Айсберг”, Термиз иқтисодиёт ва сервис университетининг “Фемида”, Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг “Ренасанс” жамоалари сиёсий билим ва тафаккурларини синовдан ўтказди.
Олти нафар иштирокчидан иборат жамоаларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борди.

Қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлган интеллектуал ўйин ёшларнинг давлат бошқаруви, қонунчилик ва ижтимоий-сиёсий жараёнларга оид билимлари даражаси, ёшлар ўртасида ижтимоий фаоллик ва жамият ҳаётида иштирок этишга бўлган қизиқишлари ортишига, уларнинг жамоавий ишлаш, тезкор қарор қабул қилиш ва мантиқий хулоса чиқариш кўникмалари мустаҳкамланишига хизмат қилди. Турнир чоғида иқтидорли, таҳлилий фикрлайдиган, фаол ёшлар аниқланиб, уларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилди.

Турнир якунида Термиз давлат университетининг “Дипломатлар” жамоаси биринчи, “Демократлар” жамоаси иккинчи ўринларни қўлга киритди. Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг “Айсберг” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар партиянинг диплом, эсдалик совғалари ва ташаккурномаси билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири