“Талабага мадад” ёшларга нима берди?
Кейинги вақтларда ёшлар манфаати ва келажаги билан боғлиқ бўлган яна бир имконият “Талабага мадад” ижтимоий лойиҳаси йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан эълон қилинганига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, унга ариза топширганлар ва мадад олиб улгурган талабалар ҳам кам эмас.
Хўш, “Талабага мадад” лойиҳасини татбиқ этишдан кўзланган мақсад нима? Бу борада кимга мурожаат қилиш керак? Ушбу мавзу хусусида мутасаддилар ва ушбу лойиҳа имкониятларидан фойдаланган ёшлар билан суҳбатлашдик.
Алишер Саъдуллаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори:
— Бирор-бир лойиҳанинг юзага келиши ҳамда жорий этилишига, албатта, кимдир ёхуд нимадир сабаб бўлади. Сир эмас, сўнгги пайтларда агентлигимизга билимли, иқтидорли талабалардан шартнома-контракт пулларини тўлашда қийинчиликлар бўлаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Очиғи, ҳаммага бирдек ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз, аммо, биринчи навбатда, энг оғир молиявий вазиятдаги талабаларни моддий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратяпмиз.

Жумладан, иқтисодий тарафлама муаммоларга дуч келаётган, боқувчисини йўқотган, ота-онасида (ёки уларнинг бирида) ногиронлиги бўлган, Меҳрибонлик уйлари битирувчиси, ёш оила, “ижтимоий ҳимоя” ягона реестрига киритилган оила фарзандлари каби тоифаларга мансуб талаба-ёшларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб берилмоқда. Шу сабабли Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда “Талабага мадад” лойиҳаси эълон қилинди.
Бунда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи кундузги, сиртқи, кечки ва махсус-сиртқи таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида таҳсил оладиган талаба-ёшларнинг умумий тўлов-контракт суммасининг 50 фоизгача бўлган миқдори тўлаб берилади. Лойиҳа ўз фаолиятини бошлагандан буён кўплаб ёшлар, оилалар миннатдорлик билдирилган дил изоҳларини кўриб, ёшларга фойдамиз тегаётганидан хурсанд бўламан. Иқтидорли, билимли, аммо иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган ёшларни давлатимиз ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёр.
Мадад олиш истагида мурожаат қилувчилар сони жуда кўп. Аввало, улар жойига чиқиб ўрганилади, шундан сўнг юқорида айтганимдек, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ёрдам беришга киришамиз. Мақсадимиз ҳақиқатан молиявий кўмакка муҳтож, билимли ёшларга кўмак беришдан иборат. Талабаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур тизим ўз фаолиятини бошлагандан буён жуда кўп ёшлар “Талабага мадад” лойиҳасидан мадад олди десак, хато бўлмайди.
Шунингдек, яқинда лойиҳа доирасида талаба-ёшларнинг контрактини тўлаб, уларни қўллаб-қувватлаган энг фаол маҳаллий ҳокимликлар рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов тумани талаба сонига нисбатан энг кўп молиявий қийналган илму толибларга ёрдам қўлини чўзган ҳокимлик, деб топилди.
Ойдиной Шомуродова, талаба:
— Ҳозирги кунда Урганч давлат университетининг Тарих факултети 2-босқич талабасиман. Тақдир тақозоси билан ота-онамдан эрта ажралиб қолиб, бобом ҳамда бувим қарамоғида яшаб келмоқдаман. Оилада уч кишимиз. Бугунги кунда оилавий шароитим оғирлиги сабабли контракт пулимни ўз вақтида тўлашга қийналиб, нима қилишни билмай юргандим. “Талабага мадад” лойиҳаси чин маънода менга мадад бўлди, десам адашмайман.
Лойиҳа ҳақида эшитишим биланоқ, унинг тартиби билан танишиб чиқдим. Белгиланган мезонларга тўғри келганим боис ҳужжатларимни топширдим. Аризамни қисқа муддатда кўриб чиқиб, менга амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Шундан сўнг, ўқишим учун бир йиллик контракт пули Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан тўлиқ қоплаб берилди. Бу лойиҳа мени тушкунликдан, умидсизликдан олиб чиқди. Бунинг учун, аввало, Президентимизга, қолаверса, ўқишимга шароит яратиб берган барча мутасадди ташкилотлар раҳбарларига миннатдорлигимни билдираман.
Завержан Қуронбоева, талаба:
— Олий таълим муассасасига кириб ўқиш менинг энг катта орзуим эди. Мен энг бахтли қизман. Негаки айни пайтда Урганч давлат университетининг Педагогика факултети Мактабгача таълим йўналишининг 1-босқич талабасиман. Ҳозирги кунда бобом ва бувимнинг қарамоғидаман. Оилада келинойим ва мен талабамиз.
“Талабага мадад” лойиҳаси ҳақида эшитиб, телеграм канали орқали онлайн ариза топширдим. Орадан икки кун ўтиб, менга Хоразм вилоят Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари қўнғироқ қилишди. Керакли ҳужжатларни топирдим. Ўн кун ичида контракт пулини тўлиқ тўлаб беришди. Бунинг учун барча мутасаддиларга раҳмат айтаман. Ёшлар тақдирига бефарқ бўлмаган юрт фарзанди эканимдан фахрланаман.
Маълумот учун: “Талабага мадад” лойиҳаси имкониятларидан фойдаланиш учун https://bit.ly/3G0prdV ҳаволаси орқали рўйхатдан ўтиш лозим.
Гулноза Бобоева,
ЎзА