Талаба-спортчи “SMART KURASH” лойиҳасини тақдим этди
Бугунги кунда мамлакатимиз спорт таълимида “Илм — инновация — спорт — ютуқ” занжири асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилиши натижасида спортчиларнинг машғулот жараёнига янгича тамойиллар жорий этилмоқда.
Мазкур илмий хулосалар, таклифларни бевосита машғулотларда синовдан ўтказиш асосида халқаро мусобақаларда татбиқ этиш борасида мураббий-мутахассислар изланишлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Нафиса Равшанова томонидан миллий кураш спортини рақамлаштириш юзасидан ишлаб чиқилган “SMART KURASH” лойиҳаси ҳам айни ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.
Айтиш лозим, “SMART KURASH — рақамли мураббий” лойиҳаси якка кураш турлари бўйича спортчиларнинг ҳаракатларини сунъий интеллект технологиялари асосида таҳлил қилиш имконини тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
Ёш тадқиқотчининг мураббийлари кўмагида ишлаб чиққан мазкур лойиҳаси оддий видео таҳлил тизимларидан фарқли равишда ишлаб чиқилаётган махсус биомеханик моделлар ёрдамида курашчининг ҳаракатлари смартфон камераси ёки махсус сенсорлар орқали реал вақт режимида кузатилади.
Тизим спортчининг ҳаракатларини таҳлил қилиб, аниқланган хатолар юзасидан овозли ёки визуал сигнал орқали тавсия ва кўрсатмалар беради. Бу эса спортчига техник ҳаракатларини тезкор равишда тўғрилаш ва машғулот самарадорлигини ошириш имконини яратади.
“SMART KURASH” лойиҳаси спорт натижадорлигини ошириш, мураббийлик фаолиятини замонавий технологиялар асосида оптималлаштириш ҳамда спорт таълимига сунъий интеллект ва инновацион технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА