Таҳсил амалиётга узвий боғланмоқда
Жорий йилнинг 8 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим устуворликларидан бири сифатида белгиланди.
Йиғилишда таълим ва меҳнат бозори ўртасида самарали ҳамкорлик механизмларини жорий этиш, олийгоҳлардаги ўқув дастурларини амалиёт билан уйғунлаштириш, битирувчиларни ишга тайёрлашга қаратилган янги ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Ушбу вазифалар ижроси йўлида Жиззах давлат педагогика университети таълим жараёнини ишлаб чиқариш эҳтиёжларига интеграция қилиш, талабаларни реал иш жойлари билан боғлаш орқали натижавий моделни шакллантирмоқда. Олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида педагогика йўналишидаги талабалар учун жорий этилган “4+2” тизими юқори самара бермоқда.

Бу тизимга кўра, талабалар ҳафтанинг тўрт куни университетда назарий таълим олса, икки куни таълим ташкилотларида амалий машғулот ўтайди.
Бундай ёндашув натижасида талабалар дипломни қўлга киритган пайтдаёқ икки муҳим устунликка эга бўлади: назарий билим ва илмий асосланган методик тайёргарлик ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардошликни таъминловчи амалий тажриба. Айниқса, педагог кадрлар тайёрлашда ушбу тизим ўқитувчи номзодларнинг педагогик муҳитга мослашувини тезлаштириб, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Агар амалиёт давомида талаба ўзини салоҳиятли мутахассис сифатида намоён этса, унин гўша ташкилотда ишда қолиш имконияти юқори бўлади.

Жиззах давлат педагогика университети “4+2” тизимини кенг қамровда жорий этган олийгоҳлардан бири сифатида илғор тажрибага эга. 2024–2025 ўқув йилида 7089нафар талаба ушбу тизимда малакавий амалиёт ўтамоқда, 830 дан зиёд таълим ташкилоти амалиёт базаси сифатида жалб этилган.
Жиззах шаҳридаги 30-сонли умумтаълим мактаби таянч муассаса сифатида иш юритиб, 100 га яқин иқтидорли талабанинг касбий ривожланишида муҳим ўрин тутмоқда. Умуман, вилоят миқёсида 8 минг нафардан ортиқ талаба умумтаълим мактабларига бириктирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири келгусидаги иш жойи билан алоқаларини шу босқичдаёқ йўлга қўймоқда. Бу жараёнларни бошқариш ва мониторинг қилиш “main.jdpu.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда. У орқали талабаларнинг қатнашуви, вазифаларни бажариш ҳолати ва муассаса фикрлари реал вақтда кузатиб борилади.

Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим ташаббус — “Келажакка қадам” дастури ҳам университет фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Ушбу марказ орқали битирувчилар ишга жойлашиш, тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш ва молиявий ёрдам олиш имкониятига эга бўлмоқда. Ҳозиргача 214 нафар битирувчи тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган бўлиб, улардан 104 нафари 1 миллиард 80 миллион сўмлик имтиёзли кредитга эга бўлган. Бу ёшларнинг мустақил меҳнат фаолиятига қадам қўйишини енгиллаштирмоқда.
Президент раислигидаги йиғилишда таълим муассасаларига меҳнат бозорига мос модуллар жорий этиш вазифаси белгиланди. “4+2” амалиёти айнан шу талабларни амалий шаклда рўёбга чиқармоқда. Ушбу тизим талабанинг академик давридаёқ иш тажрибаси орттиришини ва келгусида ишга жойлашиш имкониятини сезиларли даражада оширишини таъминламоқда.
Таълим ташкилотлари асосий иш берувчи сифатида университетлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши зарур. Мактаб директорлари 2-курсданоқ иқтидорли талабаларни саралаб, уларга устоз тайинлаб, келгусидаги иш ўрнига тайёрлаш жараёнини бошлаши мақсадга мувофиқ. Бунда моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда устозлик тизими самарали натижа беради.
Шунингдек, олий таълим ва меҳнат соҳаси муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, давлат грантлари ва иш таклифларини битирувчиларга тезкор етказиш механизмларини яратиш ҳам долзарб масалалардан саналади. Ёш мутахассиснинг бандлигига эришишида моддий ва маънавий рағбат муҳим аҳамиятга эга. Улар учун қўшимча устамалар, уй-жой масаласида енгилликлар ҳамда резюме тайёрлаш ва ишга жойлашиш бўйича махсус машғулотлар ташкил этилиши талаб этилади. Олий таълим муассасаларида ҳафтасига бир неча марта резюме ёзиш, суҳбатга тайёргарлик ва иш берувчи талабларини ўрганиш каби машғулотлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бу талабаларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширади.
Жиззах давлат педагогика университети тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, назария ва амалиёт уйғунлигига асосланган “4+2” тизими ёшлар бандлигини таъминлашда самарали механизм ҳисобланади. Бу тизим битирувчиларнинг иш топиш имкониятларини кенгайтириб, таълим сифатини ҳам ошираётганини таъкидлаш жоиз.
Келажакда ҳар бир ўқитувчи дипломни фақат назарий билим эмас, балки аниқ иш тажрибаси ва иш жойи билан қўлга киритиши мамлакатнинг инсон капитали ривожига берилган энг муҳим сармоядир. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар узоқ муддатли истиқболда иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва сифатли таълим тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Шавкат Шарипов,
Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор
ЎзА