Таэквондочиларимиз Осиё чемпионатини муваффақиятли бошлади
Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида таэквондо WT бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг илк куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун омадли ўтди.
Павел Хан мураббийлиги остидаги жамоамиз вакиллари дастлабки куннинг ўзида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.

Қувонарлиси, +73 килограмм вазн тоифасида юртдошимиз Светлана Осипова барча рақибаларини мағлуб этди. Шунингдек, +87 килограмм вазн тоифасида Марат Мавлонов кумуш, -54 килограммда Жаҳонгир Худойбердиев бронза медали соҳибига айланди.
Айни пайтда мусобақа баҳслари давом этмоқда ва Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари кейинги кунларда ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Эртага, 22 май санасида вакилларимиздан Омонжон Отажонов (-58 кг.), Нажмиддин Қосимхўжаев (-74 кг.), София Хан (-49 кг.) ҳамда Жасмина Турлибекова (-73 кг.) беллашувларда иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА