Таэквондо WT: ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати очилиш маросими ўтказилди
Тошкент шаҳрида таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.
Бугун, 12 апрель куни нуфузли мусобақага мезбонлик қилаётган “Олимпия шаҳарчаси”даги Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуада дунё биринчилигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти, доктор Чунгвон Чой бошчилигидаги делегация, Бирлашган кураш дунёси президенти Ненад Лалович, Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов, шунингдек, қатор нуфузли меҳмонлар иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида муҳташам спорт саройига жаҳон чемпионатида иштирок этаётган давлат спортчилари чорлов садолари остида чиқди.
Маросимда сўзга чиққан Чунгвон Чой мамлакатимизда таэквондо WT спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юксак баҳо берди. У, хусусан, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматовга самимий миннатдорлик билдирди.
[gallery-28706]
Тантанали маросим якунида “World Taekwondo Performance Team” томонидан тақдим этилган ранг-баранг ва юқори савиядаги шоу дастурлар томошабинларга унутилмас таассурот қолдирди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА