Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – тараққиёт асоси
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
“Solis” ўсимлик мойи ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб ўтган учрашувда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Азиза Аминова, Галия Райханова, Навбаҳор туман ҳокими Алишер Рашидов, фермерлар кенгаши ходимлари, фермерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги “2026 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорни буғдой билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

– Мазкур қарорга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ўзбекистон фермерлари кенгашининг 2026 йил ҳосили учун давлат ресурсига 3-синф буғдойнинг бир тоннасини 3,2 миллион сўмдан қабул қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди, – дейди “Аслонбобо” фермер хўжалиги раиси Ҳасан Рустамов. – Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимларининг 2026 йил ҳосилидан жами 3 минг 50 тонна, шундан буғдой етиштирувчилар томонидан етиштирилган 1 минг 300 тонна буғдойни кейинчалик биржа савдолари орқали сотиш учун қабул қилиш ҳамда 1 минг 500 тонна товар буғдойни давлат ресурси сифатида ва 250 минг тоннасини уруғлик учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун айни муддао бўлди. Учрашувда ғалла етиштириш мақсадида олинган кредит маблағларини белгиланган муддатларда қайтариш, биржа орқали сотиб олинган дизель ёқилғисининг бир қисмини қайтариш тартиблари, қуёш панели ўрнатилишида берилаётган имтиёзлар мисоллар билан тушунтириб берилди.
Учрашувда фермер хўжаликлари раислари амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, фермерлар учун яратилган янги имконият ва имтиёзлар, ердан самарали фойдаланиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбирда кредит маблағларидан фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, солиқ ва божхона тартиб-таомиллари, экспорт фаолиятини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини оширишга оид таклифлар билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири