Тадбиркорлик ва аҳоли фаровонлиги – устувор вазифа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидованинг Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли ва Бўзатов туманларига амалга оширган хизмат сафари давомида ҳудудларнинг ижтимоий–иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат дастурлари ижроси кенг қамровда ўрганилди.
Дастлаб депутат Кегейли туманидаги “Обод” ҳамда “Жалпақ жап” овул фуқаролар йиғинларида бўлиб, “Маҳалла еттилиги” аъзолари билан учрашув ўтказди. Мулоқотларда маҳаллаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли бандлигини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг ўзаро ҳамкорлиги таҳлил қилиниб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Хизмат сафари Бўзатов туманида ҳам давом эттирилди. Депутат “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда инвестиция лойиҳалари ижроси билан яқиндан танишди. Маҳалла фаоллари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотларда ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш ва давлат дастурларининг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Депутат ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, “Suliwxan-Sultanbek” савдо шохобчаси фаолияти билан танишилиб, яратилган иш ўринлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда бизнесни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Давлат томонидан тадбиркорларга яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар фаолияти ўрганилиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фаолият кўламини кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлигини янада ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Хизмат сафари доирасида чорвачилик тармоғида амалга оширилаётган ишлар ҳам жойига чиқиб ўрганилди. Чорвадорлар билан учрашувларда наслдор чорва сонини кўпайтириш, маҳсулдорликни ошириш, ветеринария хизматларини такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, чорвачиликни ривожлантириш нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Ҳудудларда ўтказилган барча учрашув ва мониторинглар давомида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат ҳамда таклифлар атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, аҳоли бандлигини ошириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллалар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва уларнинг ечимини таъминлаш депутатлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги натижадорлигини таъминлаш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантиришга қаратилган ишлар депутатлик назорати асосида изчил давом эттирилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири