Тадбиркорларнинг саволларига ечимлар изланди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда партия шаҳар депутатлик гуруҳи томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Хусусий мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш самарадорлигини таъминлаш» мавзуида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда партия шаҳар депутатлик гуруҳи томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Хусусий мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш самарадорлигини таъминлаш» мавзуида очиқ мулоқот ўтказилди.Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган йиғилишда кўплаб саволларга жавоб олинди.
Фотима Жўраева "Қўйлиқ-5" мавзесида яшайди. Инглиз тили ўқитувчиси бир неча маротаба ўтказилган жарроҳлик операциялари туфайли иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Ўзи каби имконияти чекланганлар жамиятга наф келтиришини истаган Фотима опа «Уммоннабону» хусусий корхонасини ташкил этди. Маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриб битказилмоқда.
– Мазкур бинода кафе, тикув цехи ва бошқа қатор хизматлар ташкил этилади, – дейди Ф.Жўраева. – Лойиҳамизда ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Биномиз атрофида бўш турган ерларни кўкаламзорлаштириш истагини билдирган эдик. Олти сотих ер ажратиб берадиган бўлишди.
Яккасарой туманидаги «Ўзимизники» масъулияти чекланган жамияти ташкил бўлганига энди олти ой бўлсада, трикотаж маҳсулотларини экспорт қилишга ҳам улгурди. Айни вақтда Қозоғистонга 500 минг долларлик маҳсулот етказиб бериш борасида шартномага эга.
– Енгил саноат соҳаси учун хориждан замонавий технологиялар олиб келганда божхона имтиёзи мавжуд, – дейди «Ўзимизники» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тўлқин Ғозиев. – Хитойдан янги ускуна олиб келдик. Лекин бизга мазкур имтиёздан фойдаланишга рухсат беришмади. Мазкур масалага ойдинлик киритиш учун келдик.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлар шу каби масалалар билан соҳа мутасаддиларига мурожаат қилди ва малакали жавобларни олди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни зиммасига олди.