Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга оид лойиҳа
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар билан ташқи савдо бўйича активларни репатриация, яъни қайтаришни кечиктирган резидентларга қўлланиладиган жаримани камайтириш ваколати берилмоқда.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга оид ушбу лойиҳа 2026 йил 16 февралдаги Президент фармони ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилмаган тадбиркорларга нисбатан судларга ишнинг асосий ҳолатидан келиб чиқиб жарима миқдорини камайтириш ёки енгиллатиш имкониятини беришни назарда тутади.
Қонун лойиҳасига кўра, иқтисодий судларга хўжалик юритувчи субъект томонидан кўрилган чоралар ва енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жарима миқдорини камайтириш ваколати берилиши таклиф этилмоқда. Мазкур ўзгартишлар ташқи савдо фаолияти билан шуғулланаётган инсофли тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Депутатлар лойиҳа амалиётга жорий этилса, судларга ҳар бир ишнинг аниқ ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилиш имконияти кенгайиши ҳамда тадбиркорларнинг суд ҳимоясида бўлиш кафолатлари кучайиши ва давлат органлари фаолияти устидан суд назоратининг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.
М.Комилова,
ЎзА