Тадбиркорларга молиявий жарималарни олти ойда бўлиб тўлаш имконияти яратилмоқда
Қонунчилик палатаси мажлисида молиявий жарималарни қўллаш тартибини енгиллаштириш, улар устидан шикоят қилиш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
— Қонун лойиҳасида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда, — деди депутат Дилмурод Исмоилов. — Шунингдек, молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада енгиллаштириш белгиланмоқда. Бу тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилиш имконини беради.
Лойиҳа билан молиявий жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб бир ой муддатда жарима миқдорининг эллик фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш ёки жаримани олти ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Молиявий жарима солиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш, кечиктирилган тақдирда эса Марказий банк асосий ставкасининг уч юздан бирига тенг миқдорида фоиз тўлаш тартиби жорий этилмоқда, — деди депутат.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этиш, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида бу борадаги муносабатларни янада соддалаштириш ҳамда молиявий жарималарни тўлашда шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА