Тадбиркорлар фаолиятидаги текширувлар муҳокама қилинди
Шу кунларда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойларда ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ҳудудларда очиқ мулоқотлар давом этмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман девони маҳаллий ҳокимликлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этмоқда. Қабул давомида тадбиркорларни қийнаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Учрашувлар доирасида Бизнес-омбудсман девони ва унинг ҳудудий шўбалари томонидан назорат қилувчи органлар ходимлари учун текширувлар қонунийлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилган ўқув семинарлари ташкил этилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ҳамда «Ўзэнергоинспекция»нинг Самарқанд вилояти бошқармасида ўтказилган тадбирларда масъул ходимларга Президентимизнинг «Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва соҳага оид бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

Семинарларда назорат органлари фаолиятида жазо чораларини қўллашдан кўра, профилактика тадбирларини кучайтириш, тадбиркорларга хатоларни олдиндан тузатишда кўмаклашиш ҳамда текширувларни янги ва шаффоф тартиблар асосида ўтказиш устувор вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга Бизнес-омбудсман экспертлари томонидан батафсил жавоб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА