Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
Сурхондарё вилоят божхона бошқармасида экспорт-импорт билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди.
Очиқ мулоқотда вилоят прокуратураси, Бизнес-омбудсман девони вилоят шуъбаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази, савдо-саноат палатаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят ветеринария ва чорвачилик, ўсимликлар карантини, инвестициялар, саноат ва савдо, солиқ, адлия, транспорт бошқармалари, темир йўл,“ЎзТест” вакиллари иштирок этди.

Учрашувда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Иззатулла Ғуломов мамлакатимизда экспортёр корхоналарини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашди.

Сурхондарё вилоятининг ташқи савдо айланмаси кейинги беш йилда 327,8 миллион АҚШ долларидан 746,8 миллион АҚШ долларига етиб, қарийб 128 фоизга ошди. Чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган автомобиль ва темир йўл транспорт воситалари сони икки ярим, йўловчилар оқими уч бараварга кўпайди.
Айни пайтда вилоятдаги чегара божхона постлари орқали бир кеча-кундузда ўртача мингга яқин транспорт воситаси, 8 минг 600 дан ортиқ йўловчи ҳаракатланмоқда. Мазкур ўсиш суръатлари божхона назоратини янада такомиллаштириш, мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш заруратини юзага келтирмоқда.

Очиқ мулоқотда тадбиркорлар ташқи иқтисодий фаолият, божхона расмийлаштируви, логистика, сертификатлаш ҳамда экспорт-импорт жараёнларида дуч келаётган масалаларни ўртага ташлади. Мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳар бир мурожаатни атрофлича кўриб чиқиб, уларнинг аксариятига жойида ҳуқуқий ва амалий ечим топди. Ҳал этилиши вақт талаб этадиган мурожаатларга муддат белгиланиб, масалага алоқадор масъул идора мутасаддиларига аниқ вазифалар юкланди.

Фойдали таклифларга бой бўлган учрашув нафақат, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилди, балки амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, соҳага илғор таклиф ва ташаббусларни жорий этишда муҳим омил бўлди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
–0–