Тадбиркорга нотўғри ҳисобланган молиявий жарима тезда қайтарилади
Қонун лойиҳасига шарҳ Мамлакатимизда тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга зарурат мавжуд. Масалан, тадбиркор асоссиз равишда жаримага тортилса ёки ундан ортиқча пул ундирилган бўлса, уни қайтариб олиш учун ойлаб овора бўлиш ҳолатлари учрайди.
Маълумотларга кўра, 1 йилда тадбиркорларга нисбатан жарималар сони 23 фоизга, уларнинг умумий суммаси эса 60 фоизга ошган. 2025 йилнинг ўзида назорат қилувчи органларнинг 11 мингдан ортиқ қарорлари ихтиёрий ижро қилинмагани сабабли суд томонидан такроран кўриб чиқилган. Суд қарорларининг 3 фоизи устидан юқори турувчи судларга шикоят қилинган холос. Жарима ноқонуний деб топилганда ундирилган маблағни қайтариш ва уни кечиктиргани учун тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклаш кафолатлари ҳам аниқ белгиланмаган. Аслида ҳар бир молиявий жазо аниқ ва шаффоф мезонларга асосланиши лозим. Шундагина бизнес ва ишбилармон доира вакиллари эркин фаолият олиб бориши мумкин.
Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган молиявий жарималарни қўллаш тартибини белгилаш, улар устидан шикоят қилиш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган қонун лойиҳасида бизнес вакиллари учун қулай бўлган қатор муҳим енгилликлар белгиланмоқда.
Жумладан, молиявий жарималарни қўллашнинг ягона, аниқ ва шаффоф тартибини белгилаш, молиявий санкцияларни ихтиёрий ва енгиллаштирилган тартибда ижро этиш механизмларини жорий қилиш назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.
Суд назоратининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада енгиллаштириш белгиланаётгани тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, молиявий жаримадан озод этиш ёки уни 6 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Қолаверса, суд томонидан бекор қилинган ёки нотўғри деб топилган жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш лозим бўлади. Агар кечиктирилса, фоиз тўлаш тартиби жорий этилади.
Қонун лойиҳасидаги ушбу тартиблар тадбиркорларга енгиллик яратиш, уларни асоссиз жарималардан ҳимоя қилиш ва ҳуқуқлари бузилганда етказилган молиявий зарарни тезроқ қоплашга хизмат қилади. Қолаверса, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида бу борадаги муносабатларни соддалаштиришга асос бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА