Тадбиркорга ишонч –тараққиётга йўл
Тараққиётнинг энг ишончли пойдевори ташаббусга йўл, меҳнатга рағбат ва хусусий мулкка ишончдир. 2026 йил 18 август куни Хива шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ўтказган VI очиқ мулоқоти ана шу тамойилни янги иқтисодий вазифалар билан мустаҳкамлади. Унда эълон қилинган ташаббуслар тадбиркорни ғоядан барқарор корхонага, ички бозордан миллий бренд ва экспортгача етаклайдиган яхлит тизим сифатида аҳамият касб этади.
Мулоқотда мамлакатнинг барча ҳудудларидан қарийб 25 минг тадбиркор қатнашди. Давлатимиз раҳбари 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини Тадбиркорлар куни билан табриклар экан, очиқ мулоқот анъанаси йўлга қўйилган беш йил ичида бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалалар ҳал этилгани, бу йўналишда 84 та қонун ҳамда 861 та фармон ва қарор қабул қилинганини таъкидлади. Бу рақамлар давлат ва бизнес ўртасидаги мулоқот бир кунлик тадбир эмас, қарорларни ҳаёт талабидан келиб чиқиб янгилаб борадиган доимий институтга айланганини кўрсатади.

Учрашув иқтисодиёт юқори суръатда ўсиб бораётган бир пайтда ўтказилди: 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти
8,5 фоизга ўсди, кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 50,5 фоизни ташкил этди. Демак, ҳар иккинчи сўмлик қўшилган қиймат ортида хусусий ташаббуснинг ҳиссаси бор. Шу боис мулоқотда белгиланган беш устувор йўналиш – барқарор молиялаштириш, ҳудудларда бизнес имкониятларини кенгайтириш, сунъий интеллектни жорий этиш, экспортни кучайтириш ва маъмурий босимни камайтириш бутун иқтисодиётнинг келгуси ўсиш суръатига дахлдор масалалардир.
Президентимиз таъкидлаганидек, тадбиркорлар “бизнесни бошлаш” босқичидан “капитални кўпайтириш” босқичига ўтмоқда. Бу ўзгаришни рақамлар ҳам тасдиқлайди: сўнгги беш йилда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб уч баробар ошиб, 450 триллион сўмга етди, корхоналарнинг асосий капиталга инвестициялари ҳам уч карра кўпайди. Саноат ҳажми 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага, хизматлар ҳажми бир триллион сўмдан ошган туманлар эса 41 тадан 152 тага етди. Бу рақамлар тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли фақат миқдор жиҳатидан эмас, балки ҳудудларнинг иқтисодий қиёфасини ўзгартираётган куч сифатида ҳам ортиб бораётганини англатади.
Энг муҳими, давлатнинг тадбиркорликка ёндашувида янги фалсафа шаклланмоқда. Энди тадбиркорга фақат ресурс ёки имтиёз бериш эмас, балки уни биринчи қадамидан йирик бизнесга айлангунига қадар комплекс қўллаб-қувватлаш мақсад қилинмоқда.
“Бизнес старт”, “Бизнес лифт” ва “Бизнес юксалиш” дастурларининг жорий этилиши ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Янги тадбиркорларга тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш, 5 миллиард сўмгача кредитни рақамли тарзда расмийлаштириш имконияти, гаров муаммосини енгиллаштирувчи “контр-кафолат” тизими каби механизмлар кичик ва ўрта бизнеснинг энг муҳим тўсиқларини бартараф этишга қаратилган. 10 миллиард сўмгача кредитларда тадбиркорнинг ўзидан 25 фоиз гаров топиш талаб қилиниши эса молиялаштириш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиради.
Бу жараёнда технология алоҳида ўрин тутади. “Сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш ташаббуси Ўзбекистон бизнесининг рақобатбардошлигини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган. “10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” дастури доирасида AI жорий қилиш харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш, янги маҳсулотлар учун сунъий интеллект моделларини яратишда суперкомпьютердан бепул фойдаланиш, илмий-тадқиқот харажатларини қоплаш ва тайёр AI ечимларини очиқ платформага жойлаштириш ташаббуслари технологияни фақат йирик IT компанияларининг эмас, балки ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги оддий тадбиркорнинг ҳам амалий воситасига айлантиришга хизмат қилади. Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 миллион доллар ажратилиши эса бу йўналишнинг стратегик аҳамиятини кўрсатади.
Бугун рақобатнинг асосий мезони ресурсга эгалик қилиш эмас, ундан қанчалик самарали фойдаланиш билан белгиланмоқда. Шу маънода, сунъий интеллектни ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига киритиш таннархни пасайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва янги бозорларни эгаллашнинг муҳим омилига айланади. Бу эса келгусида Қашқадарё каби катта саноат ва хомашё салоҳиятига эга ҳудудлар учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади: мавжуд ресурс ва ишлаб чиқариш қувватларини рақамли бошқарув, автоматлаштириш ва сунъий интеллект билан уйғунлаштириш орқали қўшилган қийматни сезиларли ошириш мумкин.
Мулоқотнинг яна бир стратегик йўналиши экспорт масаласи бўлди. Бугун ташқи бозор учун рақобат кескинлашиб бораётган бир шароитда экспортни фақат маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни четга сотиш билан чеклаб бўлмайди. “Экспорт навигатор” тизимининг жорий этилиши, хорижда талаб юқори бўлган 100 та маҳсулот бўйича аниқ бозор, тариф ва логистика ечимларини ишлаб чиқиш, 2 мингта корхонани ташқи бозор талабларига мослаштириш, миллий брендларни илгари суриш, маркетплейслар ва халқаро тендерларда иштирок этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш экспортни тизимли ва профессионал тарзда ташкил этишга ўтишни англатади. Экспортчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона тизимига камида 1 миллиард доллар йўналтирилиши, асосий ва истиқболли ташқи бозорларда “экспорт элчилари” фаолиятини йўлга қўйиш эса миллий бизнеснинг хориждаги манфаатларини институционал ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиради.
Шу ўринда Қашқадарё вилояти учун мулоқотда белгиланган стратегик вазифаларга алоҳида тўхталиш жоиз. Президент мамлакат ҳудудларининг келгуси ўсиш нуқталарини уларнинг мавжуд салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берди. Қашқадарё ва Сурхондарёда агросаноат ҳамда нефть-газ кимёсида қўшилган қиймат занжирларини яратиш вазифасининг қўйилиши вилоят иқтисодиёти учун принципиал аҳамиятга эга.
Зеро, Қашқадарёнинг катта табиий-ресурс ва аграр салоҳияти мавжуд. Энди асосий вазифа шу ресурсларни хомашё сифатида сотиш ёки дастлабки қайта ишлаш билан чекланиб қолмасдан, улар асосида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришдир. Нефть-газ кимёсида хомашёни чуқур қайта ишлаб, полимерлар, кимёвий маҳсулотлар ва саноат учун зарур тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган занжирни шакллантириш, агросаноатда эса етиштиришдан қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, логистика, брендлаш ва экспортгача бўлган яхлит тизимни барпо этиш Қашқадарёнинг иқтисодий қиёфасини сифат жиҳатидан ўзгартириши мумкин.
Бошқача айтганда, вилоят учун янги иқтисодий формула шунчаки “ресурс – маҳсулот” эмас, балки “хомашё – чуқур қайта ишлаш – юқори қўшилган қиймат – миллий бренд – экспорт” занжири бўлиши керак. Бундай ёндашув янги инвестицияларни жалб қилиш, юқори даромадли иш ўринлари яратиш, маҳаллий тадбиркорларни йирик ишлаб чиқариш занжирларига интеграция қилиш ва ташқи бозорларда Қашқадарё маҳсулотларининг ўрнини мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос бўлади.
Мулоқотда капитал бозорига чиқиш масаласи ҳам шу жараённинг мантиқий давоми сифатида илгари сурилди. Ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхонани IPOга тайёрлаш, халқаро стандартларга мослашиш харажатларининг бир қисмини қоплаш орқали хусусий бизнес учун ташқи капитал бозорларига йўл очиш тадбиркорликни кредитга боғлиқ моделдан капитални жалб қилишнинг замонавий моделига ўтказиш учун муҳим қадамдир.
Шу билан бирга, йирик инвестиция лойиҳаларида кадрлар тайёрлаш компонентининг мажбурий этиб белгиланиши иқтисодий ўсишнинг яна бир муҳим шартини – инсон капиталини биринчи ўринга олиб чиқади. Урганчдаги касбга тайёрлаш тажрибасини барча ҳудудларга татбиқ этиш ва 1 миллион нафар ёшни замонавий касбларга ўргатиш мақсади технология билан малакани бир нуқтада бирлаштиради. Зеро, ускунани сотиб олиш мумкин, аммо уни самарали бошқарадиган, янги маҳсулот яратадиган ва бозорни тушунадиган мутахассисни тайёрлаш вақт ҳамда тизимли ёндашувни талаб қилади.
Мулоқотнинг яна бир муҳим жиҳати давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий ва маъмурий асосларини ўзгартиришга қаратилган чоралардир. Кичик бизнесда инсон саломатлиги ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган текширувларга уч йиллик мораторий, барча турдаги жарималарни ўртача икки баробар камайтириш, “биринчи хато учун огоҳлантириш”, келгуси йилдан “тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси”ни жорий этиш, давлат хизматларининг 50 фоизини “сукут – розилик” тамойилига ўтказиш, 30 дан зиёд лицензия ва рухсатномани бекор қилиш ҳамда яна 35 тасини бериш муддатларини қисқартириш – буларнинг барчаси бизнес муҳитида ишонч ва хотиржамликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бу чораларнинг иқтисодий аҳамиятини фақат маъмурий енгиллик сифатида баҳолаш камлик қилади. Чунки тадбиркор ўз бизнесининг эртанги кунига ишонса, у кўпроқ инвестиция қилади, янги ишчи ўринлари яратади, технология жорий этади ва узоқ муддатли режалар тузади. Демак, ҳуқуқий кафолат ва маъмурий барқарорлик ҳам иқтисодий ўсишнинг муҳим омилидир.
Хулоса қилиб айтганда, VI очиқ мулоқотда белгиланган чора-тадбирларнинг барчасини бир нуқтада бирлаштирувчи умумий мантиқ бор: давлат тадбиркорга фақат кредит ёки имтиёз бериб қолмаяпти, балки капитал, актив, технология, бозор, экспорт, кадр ва ҳуқуқий ҳимояни бир-бири билан боғлайдиган яхлит иқтисодий экотизимни шакллантирмоқда. Бу эса тадбиркорлик сиёсатининг мазмунидаги жиддий эволюциядан далолат беради.
Жорий йилда ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш бўйича белгиланган марралар ҳам айнан шу моделга таянади. Бироқ бу рақамларнинг ҳақиқий қиймати янги иш ўрни, юқори даромад, маҳалланинг ўзида меҳнат қилиш имконияти ва рақобатбардош миллий маҳсулотга айланишида намоён бўлади.
Энди ҳал қилувчи масала – ижро. Кредит ва кафолат механизмларининг тадбиркорга ўз вақтида етиб бориши, “тайёр пакет” ер майдонлари ва давлат активларининг очиқ ҳамда тенг шартларда таклиф этилиши, сунъий интеллект ва экспорт дастурларининг натижаси эса аниқ кўрсаткичлар билан баҳоланиши зарур.
Тадбиркорга очилган йўл янги корхонага, янги корхона иш ўрнига, иш ўрни эса оила фаровонлигига олиб боради. Хивадаги очиқ мулоқотнинг энг катта мазмуни ҳам шунда: давлат ишонч ва имконият эшигини очмоқда, энди уни ҳудудларда аниқ маҳсулот, миллий бренд ва янги экспорт натижасига айлантириш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Даврон КЕСИМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати. ЎзА