Тадбиркор хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда
Шаҳарой опа Саиданинг дурустгина зардўз эканини хонадонига келин бўлиб тушгандан кейин билди.
Шаҳарой опа Саиданинг дурустгина зардўз эканини хонадонига келин бўлиб тушгандан кейин билди.– Келиннинг зуваласига қайнонанинг хамиртуриши қўшилади, деб бежиз айтишмас экан, – дастурхон бошида ҳам аёлини, ҳам келинини бир гапда мақтаб қўйди Қодир ака. – Ўғлим, онанг қачондан бери ҳиқиллаб юрибди, тадбиркор бўламан, оилавий корхона очаман деб. Мен ҳеч ишдан ортмаяпман. Энди ўзинг бир ҳафсала қилиб, машинангда “ягона дарча” марказига ғизиллатиб, элтиб кел!
Шаҳарой опанинг кўзлари қувончдан порлаб кетди.
– Ўша марказда хат-ҳужжат йиғиб борилса, ҳамма иш бир кунда битар экан! – она аввал турмуш ўртоғига, кейин ўғлига тикилди. – Бизнес-режа тайёр, кеча форумда мутахассислар кўриб, яхши деди. Кейин... энди бир ўзим эмас... мана, келиним иккаламиз... яна маҳалладан бир-икки қўлигул қизларни ишга таклиф қиламиз.
– Тўғри, тўғри, – хотинининг гапини тасдиқлади Қодир ака, – бу шаштларингдан қайнона-келин катта тадбиркор бўлиб кетасизлар-ов.
Саида гапнинг қалови бундай тус олганига ишонмас, чойнакни олиб ошхона томон юрар экан, ўзини учиб кетаётгандай ҳис қиларди. Ахир, ҳозиргина – дастурхон бошида тўйдан кейин япроқлари сўла бошлаган орзу ниҳолига, тадбиркор бўлиш ниятига оби ҳаёт берилди-ку...
...Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент вилоятидаги тижорат банклари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларга 71 миллиард 500 миллион сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада 2 мингдан ортиқ хотин-қиз, хусусан, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлар иш билан таъминланди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани, бунинг учун кредитлар ажратилаётгани уларнинг ишбилармонлик салоҳиятини юзага чиқариш имконини бераётир. Бу жараёнда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими томонидан ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 8 минг 200 дан ортиқ хотин-қиз тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Улардан мингга яқини ҳунарманд бўлса, етти юздан ортиғи фермер хўжалигини бошқармоқда.
– Ўз сафида 4 мингга яқин табдиркорни бирлаштирган ташкилотимизга аъзо бўлиш истагидаги опа-сингилларимиз йилдан-йилга ортмоқда. Улар орасида иқтисодий билим ва тажрибага эга аёллар ҳам, бу борада ҳали етарлича кўникмага эга бўлмаган хотин-қизлар ҳам бор, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раиси М.Қодирхонова. – Бинобарин, билими, малакаси етарли тадбиркорларга меҳнат бозорида мавқеини янада мустаҳкамлаши, форум ва кўргазмаларда иштирок этиши, энди иш бошлаётганларга қизиқиши асосида билим ва кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ишлаб чиқариш ва сервис соҳасидаги энг яхши тадбиркор аёл”, “Тадбиркор қизнинг энг яхши бизнес лойиҳаси”, “Энг яхши бизнес лойиҳа тузган коллеж битирувчиси” каби кўрик-танловлар ҳар йили кўплаб хотин-қизларни рағбатлантириш билан бирга, уларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун ҳам яхшигина имконият яратмоқда.
Ассоциациянинг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ аёлларининг компьютер саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратади. Зеро, бугун компьютерда, интернетда ишлашни пухта билмасдан бизнесда муваффақият қозониш мушкул. Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун алоҳида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар доирасида битирувчилар вилоятдаги хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган корхоналарда амалиёт ўтаб, бизнесни бошқариш кўникмасини эгаллайди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган семинар-тренингларда хотин-қизларга бухгалтерия ҳисобидан то бизнес-режа тузиш, корхонани рўйхатдан ўтказиш, экспорт-импорт амалиёти, божхона, солиқ тизимлари билан ишлашгача бўлган жараён атрофлича тушунтирилади.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант танловида “Ёшларни, аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, қишлоқларда оилавий бизнесни ривожлантириш учун шароит яратиш” лойиҳаси билан иштирок этиб, 25 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. Бу лойиҳага асосан ҳозирги кунда чекка ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун бизнесни ташкил этиш ва юритишни ўргатувчи машғулотлар олиб борилмоқда.
– Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Шафиқа-Оқил” хусусий корхонамизда етти киши доимий иш билан таъминланган, – дейди қуйичирчиқлик тадбиркор Қ.Каримова. – Ишчиларнинг учтаси касб-ҳунар коллежини битирган ёшлар. Бизнес-режа тузиш, банкдан 28 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш, зарур қурилмаларни харид қилиб, барқарор фаолият юритишимизда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг алоҳида хизматлари бор. Айни пайтда корхонамизнинг ҳисоб-рақамидаги маблағ айланмаси 217 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозир Қуйи-Чирчиқ туманида болалар спорт майдончаси ва стадион қуриш лойиҳаси устида ишламоқдамиз. Бу режамиз амалга ошгандан кейин яна ўнта янги иш ўрни яратилади.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган конференция, семинар-тренинг ва бизнес-форумларда аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда қатнашган етти мингга яқин иштирокчининг тўрт мингдан ортиғи касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари экани ёшларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қизиқиши юқорилигидан далолат беради. Аҳамиятлиси, тадбирлар давомида ҳунарманд аёлларга зарур йўл-йўриқлар кўрсатилиб, кўплаб янги оилавий корхоналар ташкил этилишига эришилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш, оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.