Табиий газдан ноқонуний фойдаланишнинг икки ҳолати аниқланди
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди.
“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали ходимлари, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирлари давомида шаҳардаги бир нечта кўп қаватли турар-жой бинолари хатловдан ўтказилди.
Текширувлар жараёнида шаҳарнинг Ғалаба маҳалласида жойлашган, “B.N.” МЧЖ тасарруфидаги кўп қаватли турар-жой биноси таъминот корхонаси билан тегишли шартнома тузмасдан ва лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштирмасдан газ тармоғига тўғридан-тўғри улангани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат оқибатида 937 миллион 759 минг сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, шаҳарнинг Ипак йўли кўчасида жойлашган “S.Q.L.” МЧЖга қарашли кўп қаватли турар-жой биносида ҳам худди шундай қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Унда ҳам табиий газдан шартномасиз ва лойиҳа ҳужжатларисиз фойдаланилгани қайд этилди. Мазкур ҳолат бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 327 миллион сўмлик зарар аниқланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, табиий газ ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланиш устидан назорат тадбирлари изчил давом эттирилади. Ноқонуний уланишлар ва энергия ресурсларидан талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири