Табиий газ таъминотини яхшилашга қаратилган реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда
Навоий вилоятининг Нурота туманида бугунги кунда 8 560 нафар табиий газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, аҳолини куз-қиш мавсумида узлуксиз ва сифатли табиий газ билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада ҳудуддаги газ тармоқларини янгилаш ва модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалига қарашли қурилиш-монтаж бригадаси томонидан туманнинг Нурфахр ва Амир Темур маҳаллаларини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли, диаметри 159 миллиметрли газ қувурларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда ер остида жойлашган газ қувурларини ер устига чиқариш ишлари ҳам изчил давом эттириляпти.

Албатта, мазкур ишлар газ таъминоти тизимининг ишончлилигини ошириш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларга барқарор хизмат кўрсатишга хизмат қилади.
– Маҳалламизда амалга оширилаётган ишлардан жуда мамнунмиз, – дейди истеъмолчилардан бири Р.Воҳидова. – Газчилар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам меҳнат қилиб, ер ости газ қувурларини ер устига чиқариш ишларини астойдил бажармоқда. Бу эса хонадонларимизга табиий газнинг сифатли ва узлуксиз етиб келишини таъминлайди.
Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Нурфахр, Нуробод, Амир Темур ва Ибн Сино маҳаллаларида жойлашган 2 100 та хонадоннинг табиий газ таъминоти янада яхшиланади.
А. Бўриев, ЎзА