Табиатга муносабат, масъулият ўзимиздан бошланиши лозим
15 апрель — Экологик билимлар куни
Ер сайёрасининг экологик манзарасида юзага келаётган муаммолар, таҳдидли хавфлар дунё аҳолисидан юксак экологик маданият, атроф-муҳит билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, экологик билим ва қарашларни мунтазам бойитиб боришни талаб этади. Дарҳақиқат, инсон ва табиат мувозанатининг меъёрда бўлиши кўплаб экологик масалалар хавфини юмшатишда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади.

Бу борада ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида 15 апрель Экологик билимлар куни сифатида нишонланади. Ушбу сана 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари муҳокама қилинганида таъсис этилган.
Бу инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик тарбия катта аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, экологик билимларни илгари суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш, жамиятнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир фуқарони экологик фикр юритишга тайёрлашга қаратилган.

Сир эмаски, бугун атроф-муҳитни асраш, аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш ҳар қачонгидан-да жиддий масала. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар, халқаро ҳамкорликдаги фаолиятлар бутун инсоният келажагининг экологик барқарорлиги гаровидир.
Бугун дунё бўйича аҳолининг сони ҳам, уларнинг эҳтиёжлари ва интилишлари ҳам кун сайин ўсиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, сайёрамизда камайиб кетаётган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва унинг имкониятлари ўртасидаги мувозанатни ушлаб туришни тақозо этади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурсларни асраш, улардан оқилона фойдаланиш эса ҳар бир инсоннинг экологик билим ва маданиятига, табиатга нисбатан масъулиятига боғлиқ.
Экологик таълим ва билим уйғунлиги яшил тараққиётга эришишда муҳим омил ҳисобланади. Шу боис ҳам экологик билимларга табиат муҳофазаси, экологик муаммолар ечими усули сифатида қаралмоқда.

Мамлакатимизда ҳам экологик таълим-тарбияни ривожлантириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинади. Бу борада давлат раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тақдиқлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган муҳим тарихий ҳужжатлар бўлди.
2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Концепцияси аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш йўналишида давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ҳужжатда акс этган ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни, шу жумладан, “яшил” истеъмол маданиятини юксалтиришга қаратилган вазифалар юртдошларимизнинг табиатга бўлган муносабатини янада яхшилашда долзарб аҳамиятга эга.
Бугун боғча, мактаб ва олий таълим муассасаларида экологик билим ва маданиятни юксалтиришга қаратилган машғулот ва дарслар ташкил этилаётгани эътиборга молик.
Бир сўз билан айтганда, экологияга оид билим ва кўникмаларимизни ошириш биргина санада эмас, балки ҳар куни, ҳар дақиқада диққат марказимизда бўлмоғи лозим. Бу тобора кенгайиб, долзарб тус олиб бораётган турли кўринишдаги экомуаммоларни юмшатиш, атроф-муҳит муҳофазасида ҳал қилувчи ўрин тутади. Зеро, табиатга муносабат, масъулият ўзимиздан, ҳар биримиздан бошланиши лозим.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА