Табиатга бефарқлик қимматга тушди
Бухоро вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик қонунбузарликларни барвақт аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом этмоқда.
Навбатдаги назорат тадбири давомида Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг “Кўкча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “З.Ш.З.” фермер хўжалиги томонидан қонун талабларига зид равишда қум-шағал аралашмасини қазиб олиш ҳолати аниқланди. Мазкур ҳаракатлар экин ер майдони ҳудудида амалга оширилгани эса ҳолатнинг янада жиддийлигини кўрсатади.
Мутахассислар томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида ноқонуний қазиш ишлари амалга оширилган ҳудуд аниқ ўлчаб чиқилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузарлик оқибатида табиатга 5 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, “З.Ш.З.” фермер хўжалиги раҳбари ҳамда ушбу ишга алоқадор бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.
Табиий бойликлар бу барчамизнинг умумий меросимиздир. Уларни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Қонун талабларини менсимаслик, табиатга нисбатан бепарволик эса нафақат иқтисодий зарар, балки экологик мувозанатга ҳам жиддий путур етказади. Шу боис, бундай ҳолатларнинг олдини олишда нафақат мутасадди идоралар, балки жамоатчиликнинг ҳам фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.