Табиат бағрида экологик акция
Айдар-Арнасой кўллар тизими соҳилида ўтказилган экологик акция яна бир ҳақиқатни эслатди: табиатни асраш баландпарвоз шиорлардан эмас, ҳар бир инсоннинг амалий ҳаракатидан бошланади. Зеро, бугун биз ташлаган ҳар бир чиқинди эртанги куннинг экологик муаммосига, бугун қилган ҳар бир эзгу ишимиз эса келажак авлод учун покиза муҳитга айланади.
Жиззах политехника институтининг Экология ва меҳнат муҳофазаси кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда “Ёш эколог” тўгараги аъзолари иштирокида ташкил этилган тадбир айнан шу масъулият туйғусини амалда намоён этди. “Маҳаллам тозалиги – юртим ободлиги” шиори остида кечган акция давомида кўллар тизими соҳилининг экологик ҳолати ўрганилиб, қирғоқ бўйида тўпланиб қолган маиший чиқиндилар йиғиштирилди. Оддий кўринган бу юмушнинг замирида эса улкан маъно – табиатга бефарқ бўлмаслик, сув ҳавзаларини асраш ва атроф-муҳитга дахлдорлик ҳисси мужассам.

Айдар-Арнасой кўллар тизими нафақат бетакрор табиий манзараси, балки бой экотизими билан ҳам қадрли. Бундай ҳудудларда экологик мувозанатни сақлаш сув, тупроқ ва тирик табиатни муҳофаза қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис соҳилни чиқиндилардан тозалашни бир кунлик ободонлаштириш тадбири сифатидагина баҳолаш тўғри эмас. Бу – табиатга эҳтиёткор муносабатни қарор топтириш, экологик маданиятни юксалтириш ва жамиятда шахсий масъулиятни мустаҳкамлаш йўлидаги амалий қадам ҳамдир.

Айниқса, акцияда талаба-ёшларнинг фаол қатнашгани эътиборга молик. Чунки экологик тарбия фақат аудиториядаги маъруза ёки дарсликдаги маълумотлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Ёшлар ўз қўллари билан қирғоқни тозалаб, атроф-муҳитни асрашнинг ҳақиқий мазмунини англайди: табиатга ғамхўрлик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Жамоа бўлиб бажарилган иш эса ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва умумий мақсад йўлида бирлашиш туйғуларини мустаҳкамлайди.

Амалий ишлар якунида иштирокчилар учун “Aydar Lake Resort” дам олиш масканида маданий ҳордиқ дастурининг ташкил этилгани тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Бу эса фойдали меҳнат ва мазмунли дам олишни уйғунлаштириш имконини берди.

Бироқ экологик масъулият акция доирасида тўхтаб қолмаслиги лозим. Атрофни тоза сақлаш, чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, сув манбаларини ифлосланишдан асраш ва бошқалар кундалик одатга айлансагина кутилган натижага эришилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири