Яйра Саъдуллаева самимияти, беғуборлигини сақлаб қолган, унинг ушбу фазилатлари сатрларида яққол намоён бўладиган ижодкор. Ўз даврида Яйра опа бош-қош бўлиб чоп этилган «Ғунча», «Гулхан» каби журналлар миллионлаб хонадонларга кириб бориб, ёшлар тарбиясида, дунёқарашининг тўғри шаклланишида алоҳида ўрин эгаллаган. Яйра опанинг ҳикоялари кўпчиликнинг энг беғубор ва ёрқин лаҳзалари – болалик йилларини ёдга солиб юбориши аниқ!
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Яйра Саъдуллаева қутлуғ 90 ёшни қарши олди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъуллари устоз журналист Яйра Саъдуллаева хонадонида бўлиб, устозни табриклади.

Яйра Саъдуллаева 1934 йил 18 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1958 йилда Ўрта Осиё Давлат университетини ( ҳозирги Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университети) битирган.
Илк меҳнат фаолиятини «Ёш ленинчи» газетасида мухбир сифатида бошлаб, сўнгра бир қатор масъулиятли лавозимларда фаолиятини давом эттирган. Хусусан, 1959-1960 йиллар Ёшлар Иттифоқи Марказий қўмитаси матбуот котиби, 1961-1963 йиллар «Ёш ленинчи» газетаси бош муҳаррири ўринбосари, 1964-1972 йиллар «Гулхан» журнали бош муҳаррири, сўнгра 1997 йилгача «Ғунча» журнали бош муҳаррири лавозимларида сидқидилдан меҳнат қилди.
Фаолиятининг аҳамиятга молик яна бир жиҳати шуки, Яйра опа Ёшлар Иттифоқи йўлланмаси билан Мирзачўлни ўзлаштиришда фаол иштирок этган.
Яйра Саъдуллаеванинг қисса, ҳикоя ва бадиий лавҳалардан ташкил топган қуйидаги китоблари чоп этилган: «Ҳаётнинг бир варағи» (1967), «Кўзлари хумор» (1968), «Она кўнгли» (1972), «Келинчак» (1975), «Аёл қадри» (1976), «Том бошида тоғора» (1975), «Ялтироқ ҳалқача» (1975), «Қоғоз қуш» (1979), «Бахтли бўлинг» (1980), Золотое кольцо» (1982, рус тилида ), «Олтин бахтим» (1984), «Бекинмачоқ» (1987), «Чип-чипжон» (2004), «Катта ҳовли» (2005), «Кўча тўла болалар» (2005). Ижодкорнинг «Ҳаётнинг бир варағи», «Она кўнгли», «Келинчак», «Том бошида тоғора» китоблари эса бир қанча мукофотларга лойиқ топилган.

Фахрий журналист 1994 йил ll даражали «Соғлом авлод учун» ордени, 2022 йил «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Устоз журналист уюшма масъуллари билан самимий суҳбат қуриб, меҳмонлар ташрифидан қувонди. Ғайрату шижоати ҳали ҳам сўнмаган қаҳрамонимиз соҳа хусусида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Ёш журналистлар, аввало, ўзининг касбини яхши кўриши, меҳр қўйиши керак, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Яйра Саъдуллаева. – Журналист халқ орасида юриб, доимий изланишда бўлиши лозим. Мен ўтган йилларга боқсам, нурли йўлни кўраман, чунки касбимга садоқатли эдим.
Суҳбат якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов устозни қутлуғ 90 ёши билан самимий табриклаб, Яйра Саъдуллаевага Уюшма совғасини топширди.
Н.Усмонова, ЎзА