«Суюнчи»нинг навбатдаги сони «Ажр» китобига бағишланди
«Суюнчи» - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан ижодкорларнинг янги нашр этилган китоблари ҳамда сара асарларини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида йўлга қўйилган махсус видеолойиҳа.
Лойиҳа Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати ҳамда «Адиблар хиёбони студияси» ҳамкорлигида тайёрланиб, томошабинларга тақдим этилади. Дастурнинг асосий ғояси — замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг уюшма кўмагида чоп этилган янги китобларини китобхонларга ўзига хос «суюнчи» сифатида етказишдан иборат.
Кўрсатувнинг доимий бошловчилари Наргиза Асадова ва Ҳулкар Шерзодова ҳисобланади. Лойиҳанинг тасвирга олиниши, операторлик иши ҳамда монтажини тажрибали мутахассис Жасур Турсунов амалга оширади. Лойиҳанинг асосан ижодкор ёшлар томонидан тайёрланаётгани унинг ўзига хослиги ва адабиёт мухлислари меҳрини қозонишида муҳим омил бўлмоқда.
«Суюнчи»нинг навбатдаги дастури таниқли шоира, маънавият ва китобхонлик тарғиботчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг «Ажр» номли янги китобига бағишланди.
Мазкур китобга филология фанлари доктори, адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев «Турфа туйғулар тасвири» сарлавҳали сўзбоши ёзган. Тўпламдан Ватан, истиқлол, меҳр-муҳаббат, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда инсоннинг самимий кечинмалари тараннум этилган шеърлар ўрин олган.

Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи 1964 йил 14 март куни Жиззах шаҳрида туғилган. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Ижодкорнинг бугунги кунга қадар кўплаб мақолалари, дарсликлари, методик қўлланмалари, тавсиялари ва шеърий тўпламлари нашр этилган. Жумладан, «Янги ой чиққан кеча», «Соғинч», «Дилда дардинг бўлмаса», «Жон ичра жондир Ватан» каби шеърий тўпламлар, шунингдек, «Наврўзинг муборак, Ўзбекистоним», «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон», «Миллий ғоя бўйича атама ва луғатлар», «Нур Шарқдандир», «Сокин дарё шиддати», «Аёл билан олам мунаввар» каби ўнлаб методик қўлланмалар ҳамда «Тугалланмаган парвоз» номли эссе муаллифи ҳисобланади.
Н.Усмонова,
ЎзА