Сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ирригация тизимини такомиллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Навоий вилоятида 2026-2027 йиллар кузги-қишки мавсумига тайёргарлик доирасида аниқ чора-тадбирлар асосида ишлар ташкил қилинмоқда. Ҳудудда ирригация тармоқларини тозалаш, гидротехник иншоотлар ва гидропостларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

- Белгиланган режага кўра, вилоятда 233 километр хўжаликлараро ва 242 километр ички тармоқларни тозалаш, 202 та гидротехник иншоот ҳамда 175 та гидропостни таъмирлаш кўзда тутилган, - дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ғиёс Джанзаков. - Бугунги кунга қадар 35 километр хўжаликлараро канал, 33 километр ички тармоқ ва 266 километр ариқ тозаланди. Шунингдек, 105 та гидротехник иншоот ва гидропост таъмирланди. Албатта, канал ва ариқларнинг ўз вақтида тозаланиши сувнинг эркин ҳаракатланишини таъминласа, гидротехник иншоотлар ва гидропостларни таъмирлаш сув оқимини назорат қилиш, уни ҳисобга олиш ва истеъмолчиларга белгиланган ҳажмда етказиб бериш имконини кенгайтиради. Энг муҳими, бундай ишлар сув йўқотишларини камайтириш ва мавжуд ресурсдан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув ресурслари чекланган ҳудудда ҳар бир куб метр сувдан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳосилдорликни ошириш ва ер майдонларидан унумли фойдаланиш билан бевосита боғлиқ. Шу боис ирригация тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш нафақат сув хўжалиги, балки ҳудуднинг иқтисодий барқарорлиги учун ҳам муҳим омилдир.

Бугунги кунда ҳар бир соҳада самарадорлик ва натижадорлик асосий мезонга айланмоқда. Чунки сув қишлоқ хўжалиги тараққиёти, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини таъминловчи стратегик ресурсдир. Ирригация тармоқларининг тозаланиши, гидротехник иншоотларнинг таъмирланиши ва сув ўлчаш постларининг иш ҳолатига келтирилиши келгусида сувни истеъмолчиларга ўз вақтида ва белгиланган ҳажмда етказиб бериш имконини оширади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири