Сув таъминоти тизими янада мустаҳкамланмоқда
Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда сув таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида сув таъминоти тизими мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.
Айниқса, соҳа корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, энергия тежамкор ускуналардан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолига сифатли ва узлуксиз хизмат кўрсатиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Бу каби чора-тадбирлар нафақат тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминламоқда, балки истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ҳам янги даражага олиб чиқмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, сув таъминоти инфратузилмасининг ишончли фаолиятини таъминлаш, авария ҳолатларининг олдини олиш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов ҳамда Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов иштирокида жамият тасарруфига 45 дона замонавий махсус техника топширилди.
[gallery-29549]
Мазкур махсус техникалар ўзининг юқори унумдорлиги, қулайлиги ва замонавий технологик имкониятлари билан аҳамиятлидир. Улар орқали сув тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни қисқа вақт ичида аниқлаш, авария ҳолатларига тезкор муносабат билдириш, таъмирлаш ва тиклаш ишларини самарали ташкил этиш имкониятлари янада кенгайди.
Бу эса ўз навбатида ичимлик суви тармоқларининг ишончлилигини ошириш, тизимнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш даражасини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, янги техникаларнинг фойдаланишга топширилиши ҳудудларда сув таъминоти сифати ва барқарорлигини яхшилаш, авария ва носозликларнинг олдини олиш, махсус хизматлар тезкорлигини ошириш ҳамда инфратузилма объектларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбир давомида соҳани янада ривожлантириш, сув таъминоти тармоқларини модернизация қилиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизда сув таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Бухорода топширилган янги махсус техникалар эса ушбу саъй-ҳаракатларнинг яна бир муҳим қадами сифатида соҳанинг келгуси ривожида муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари