Сурхондарёда янги боғлар барпо этилмоқда
Мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятида янги ташаббус – “АЁҚШлар боғи” яратилмоқда. Бу лойиҳанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, воҳадаги ёқилғи қуйиш шохобчалари соҳиблари эндиликда ҳудудларда 10 гектаргача бўлган яшил майдонлар ташкил этади.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманидаги Ат-Термизий маҳалласида ташкил этилаётган боғ яратиш тадбирида қатнашиб, улуғ ниятлар билан кўчат қадади. “Zоом” платформаси орқали воҳанинг барча ҳудудларида янги лойиҳага старт берди.


– Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” арафасида бошланаётган бу лойиҳа нафақат экологик барқарорликни ошириш, балки жамиятда табиатни асрашга бўлган масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади, – деди вилоят раҳбари. – Шунингдек, ҳудудларнинг экологик мувозанатини яхшилашга эришилади. Яшил ҳудудларни кенгайтириш, автомобилларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириб, ҳаво мусаффолигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Вилоятнинг сувсиз ерлари ва адирликларда бўй кўрсатадиган “АЁҚШлар боғи”га турли мевали-манзарали дарахт кўчати ўтқазилиб, тежамкор суғориш тизимлари барпо этилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири